Рақамли қалъа - Браун Дэн

Скачать книгу

Если нет возможности читать онлайн, скачайте книгу Рақамли қалъа файлом для электронной книжки и читайте офлайн.

Шрифт
Фон

Ден Браун

Рақамли қальа: роман

Муқаддима

Испан майдони

Севилья, Испания

11:00

«Ўлим барча сирларга ойдинлик киритади» Энзай Танкадо бу сўзларнинг айни ҳақиқат эканлигини жуда кеч англади. Оғриқдан кўксини чангаллаганча ерга қулар экан, қандай мудҳиш хатога йўл қўйганини тушуниб етди.

Ўзи томонга ёрдам учун ёпирилиб келаётган оломонни элас-элас илғаган Танкадо мажолсиз бармоқларини юқорига кўтарди ва сўнгги кучини тўплаб, «Қўлларимга қаранглар, қўлларимга» дея пичирлади. Бироқ унинг қуруқшаган лабларидан чиққан бу сасни ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмади.

Андалузиянинг тонгги Қуёши нурлари остида бармоғида товланаётган узукка нур сўнаётган кўзларини тикаркан, Энзай Танкадо эртанги тонгни кўриш унга насиб этмаслигини сезиб, киприкларини оҳиста юмди. Қорачиқларига тўпланиб қолган чексиз изтироб ила унинг жони ҳеч кимга вафо қилмаган бу фоний дунёни тарк этди.

Биринчи боб

«Менга турмушга чиқасанми, жонгинам?»

Меҳмонхона балконидан олис тоғларга термулганича ўйлар оғушига ғарқ бўлган Сьюзаннинг хаёлларини Девиднинг қулоғи остида шивирлаб айтган сўзлари тўзғитиб юборди. Ҳаяжон ичра йигитнинг муҳаббат уфуриб турган мовий кўзларига тикиларкан, Сьюзан бутун ҳаётини бағишлаши мумкин бўлган инсон рўпарасида турганини ҳис қилиб, юраги ҳапқириб кетди. Дил розини билдиришга чоғланган маҳалида бехос жиринглаган телефон аппаратининг товушидан чўчиб ортига қаради. Кўзи билан телефонни хонадан ахтариб тополмагач, ҳайрон бўлганича савол сўраш илинжида Девидга ўгирилди. Лекин ҳозиргина қучоғида турган йигит аллақаерга ғойиб бўлганди.

Ҳамон жиринглаётган телефон қўнғироғи Сьюзан Флетчерни уйқудан бутунлай уйғотиб юборди. Ўрнидан туриб, эснаганча каравотга ўтирар экан, Сьюзан кўрганлари аслида туш эканини ўйлаб, бир муддат ширин энтикди ва эринчоқлик билан гўшакни кўтарди:

 Эшитаман, ким бу?

 Сьюзан, азизам, бу мен, Девидман. Уйғотиб юбормадимми сени?

Ошиғининг овозини эшитиб, Сьюзаннинг юзига майин табассум югурди:

 Ҳозиргина сизни тушимда кўраётган эдим, Девид. Қачон кўришамиз? Балки ҳозир келарсиз?

Девид кулиб юборди:

 Сьюзан, ахир ташқари қоп-қоронғу бўлса, ҳали тонг отмади-ку ҳатто.

 Ммм Сьюзан маъноли томоқ қириб қўйди. Айнан шунинг учун ҳам ҳозироқ келишингиз керак ёнимга. Йўлга чиққунча ухлаб олишга вақтимиз бор ҳалиям, азизим.

Гўшакдан Девиднинг чуқур хўрсингани эшитилди:

 Сьюзан, гапимни эшит. Айнан сафаримиз масаласида қўнғироқ қиляпман. Мен мен уни кечиктиришимга тўғри келади.

 Нима?!

Девиднинг гапидан кейин Сьюзаннинг кўзлари мошдек очилиб, уйқуси бутунлай ўчиб кетди.

 Кечир, кечир мени. Зудлик билан шаҳардан жўнаб кетишим керак, иш юзасидан. Лекин узоқ муддатга эмас. Эртагача қайтаман. Эртага тонгда йўлга чиқсак ҳам икки кунимиз бўларкан. Ҳечдан кўра яхши-ку бу, нима дейсан, Сьюзан?

 Лекин мен аллақачон ҳамма нарсага буюртма бериб қўйганман Чипталар, меҳмонхона Ҳаммаси бекор бўладими энди? деди Сьюзан овози титраб, йиғлаб юбормаслик учун лабини тишларкан.

 Биламан, Сьюзан, ҳолатингни ҳис қиляпман, лекин

 Бугун биз учун унутилмас кун бўлиши керак эди, ахир унаштирилганимизга олти ой тўлади бугун, Девид, эсингизда борми ўзи бу?

 Сьюзан, Девид чуқур уҳ тортди. Ҳозир узоқ гаплашолмайман сен билан, ташқарида машина кутиб турибди, кетишим зарур. Сенга самолётдан қўнғироқ қиламан ва ҳаммасини тушунтираман. Сабр қил, илтимос.

 Нима? Самолёт? Яна қанақа самолёт? Узоққа кетяпсизми? Нималар бўляпти ўзи, Девид? Университетингиз бил

 Бу университет билан боғлиқ эмас, Сьюзаннинг гапини бўлди Девид. Айтяпманку, кейинроқ қўнғироқ қиламан ва ҳаммасини тушунтираман деб. Ҳақиқатан ҳам кетишим керак, улар мени чақиришяпти. Алоқада бўлиб турамиз, ваъда бераман. Илтимос, хавотирланма.

 Девид, жин урсин, нима гап ўзи

Сьюзан бақирди, лекин гапини охирига етказолмади, чунки эшитилаётган қисқа-қисқа товушлар Девид аллақачон телефонни ўчирганини билдирарди.

Тушунмовчилик ва саволлар гирдобида уйқуси бутунлай қочган Сьюзан Флетчер Девиднинг қайта қўнғироқ қилишини кутиб соатлаб жойидан жилмади. Аммо телефон қайтиб жирингламади.

* * *

Сьюзан тушликдан сўнг ваннада ғамгин ўтираркан, атрофида сузиб юрган кўпикларни паришонхотирлик билан ўйнаб, бугунги режалари барбод бўлганини унутишга тиришарди. Бироқ барибир «Қаерда бўлиши мумкин у? Нимага қайтиб қўнғироқ қилмади?» каби миясидаги ғужғон саволлар илиқ сувдан роҳатланиб чўмилишга имкон бермасди. Ўй-фикрлар оғушида Сьюзан неча соат ўтганини пайқамади ҳам, сув совиб, этни жунжиктираётганини сезгандан кейингина ваннадан чиқмоқчи бўлиб турган маҳали қўл телефони тилга кириб унга қўнғироқ бўлаётганидан хабар берди. Юраги ҳовлиқиб кетган қиз сувни ҳар ёнга сачратганича сувдан сакраб туриб телефонга югурди.

 Девид, сизмисиз?

 Бу мен, Стратморман, таниш овоз эшитилди гўшакдан.

 Оҳ Сьюзанниннг тарвузи қўлтиғидан тушди.

 Хайрли кун, командор, деди у паст овозда, ҳафсаласи пир бўлганини яширолмасдан.

Сьюзаннинг кайфиятини сезиб, гўшакнинг нариги тарафидаги одам хандон отиб кулди:

 Ёшроқ йигитни кутаётганмидинг?

 Йўқ, жаноб, Сьюзан уялиб кетди. Бу сиз ўйлагандек

 Бу айнан мен ўйлагандек, овоз эгаси яна кулди. Девид Беккер яхши одам. Уни эҳтиёт қил.

 Раҳмат, жаноб.

Командорнинг овози жиддийлашди:

 Сьюзан, ёрдаминг керак, шу сабаб қўнғироқ қиляпман. Офисга етиб кел.

Қиз тўзғиб кетган фикрларини жамлашга уринди:

 Жаноб, бугун шанба-ку. Биз одатда

 Биламан, жавоб берди командор босиқлик билан. Бу фавқулодда ҳолат.

Сьюзан ажабланганидан ўтириб қолди. Фавқулодда ҳолат? У ҳеч қачон бу сўзни командорнинг оғзидан эшитмаганди.

Фавқулодда ҳолат? Криптода фавқулодда ҳолат? Бу нима бўлиши мумкин эканлигини қизнинг мияси ҳечам тасаввур қилолмасди.

 Х-хўп бўлади, жаноб.

Сўнг бироз ўйланиб туриб қўшиб қўйди:

 Иложи борича тезроқ етиб боришга ҳаракат қиламан.

 Ҳозироқ йўлга туш, деди командор қатъий оҳангда.

Алоқа узилди.

* * *

Сьюзан Флетчер сочиққа ўралганича бугунги сафар учун мўлжаллаб кеча кечқурун тартиб билан тахлаб қўйган кийимларига бир муддат тикилиб турди. У Шимолий Каролинанинг машҳур Смоки Маунтин тоғларига Девид билан амалга оширмоқчи бўлган сафарларини озмунча кутмаганди. Бир неча ҳафтадан бери тайёргарлик кўраётганди; ҳеч нарса ёдидан чиқмаганди. Тахланиб ётган тоғ сайрига мўлжалланган махсус шортлар, салқин оқшомларда асқатадиган иссиқ свитерлар ҳамда Девидга унутилмас кечаларни тақдим қилиш учун атайдан сотиб олган пеньюарларга қараркан, Сьюзаннинг бўғзига аччиқ нимадир тиқилди, хўрлиги келиб, кийиниш шкафи томон одимлади. Шу он унинг хаёлига командор билан бўлган суҳбат келиб, аламли хаёлларни қувиб чиқарди. «Фавқулодда ҳолат! Криптода фавқулодда ҳолат!» Шу икки сўз миясида тинмай айланган ҳолда фаромушлик билан зиналардан пастга тушаркан, Сьюзан бугун уни яна қандай янгиликлар кутаётганидан бехабар эди.

Иккинчи боб

Океан сатҳидан тўққиз минг метр баландликда Девид Беккер Learjet 60 самолётининг митти деразасидан ташқарига тикилиб ўтирарди. Кабинада телефондан фойдаланиш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантиришгани учун Сьюзанга қўнғироқ қилиш имконини тополмаган йигит бироз асабийлашаётганди.

«Жин урсин, ўзи нималар қиляпман бу ерда?» ғудраниб ўзидан-ўзи сўради Девид, саволнинг жавобини яхши билса-да: рад жавобини бериб бўлмайдиган одамлар Девидни олиб кетаётган эди.

 Жаноб Беккер, радиокарнай ғичирлаб овоз берди. Ўттиз дақиқада манзилга етиб борамиз.

Беккер хўмрайганича «тушундим» дегандек бошини силкиди. Ажойиб. У дераза пардасини тушириб, ухлашга ҳаракат қилди. Лекин хаёллари йигитни беихтиёр Сьюзан томон етаклади

Ваша оценка очень важна

0
Шрифт
Фон

Помогите Вашим друзьям узнать о библиотеке

Популярные книги автора