Учинчи боб
Сьюзан ўзининг Volvo автомобилини уч метрлик баланд пўлат панжара ёнида тўхтатди. Ёшгина соқчи машина томига қўлини қўйиб, сўради:
Шахсни тасдиқловчи ҳужжатингизни кўрсатсангиз, илтимос.
Сьюзан индамасдан керакли ҳужжатни қўриқчига топширгач, ярим дақиқа давом этадиган компьютер сканер текшируви тугашини кутди. Ниҳоят, соқчи ҳужжатни текшириб бўлиб, бошини кўтарди ва «миннатдорман, мисс Флетчер» деб ҳужжатни қайтариб берди, шу аснода боши билан сезилар-сезилмас имо қилди ва баҳайбат дарвоза ланг очилди.
Яна тахминан саккиз юз метрдан кейин Сьюзан электр панжарага яқинлашди ва шахсни тасдиқлаш жараёни қайтадан бошланди. Бошқа вақтлари қайта-қайта текширувлар парвойига ҳам келмаган қизга бугун ҳаммаси ортиқча туйилди. «Қўйсангизчи, йигитлар, ахир мен бу ердан миллион марта ўтаман», деб ўйлади у ичида.
Ниҳоят, сўнгги текширув нуқтасига яқинлашгач, паканароқ, ёнида иккита филдек бўрибосар итни эргаштирган, автомат тақиб олган навбатчи соқчи Сьюзаннинг машина рақамига қаради ва қўли билан ичкарига киришга ишора қилди. Икки юз метрдан ошиқроқ масофани босиб ўтгандан кейин ишчи ходимлар учун мўлжалланган машина қўйиш жойига кирди. «Ишонгим келмайди, йигирма олти минг хизматчига эга, бюджети ўн икки миллиард долларни ташкил қиладиган ташкилотда қандай муаммо бор эканки, дам олиш куни ёрдамим зарур бўлиб қолди, тавба» Шу каби фикрлар билан Сьюзан машинасини доимий жойига тўхтатди ва моторни ўчирди.
Атрофи ўтлоқ билан қопланган йўлакни босиб ўтиб, асосий бинога киргандан кейин бинонинг Сьюзан ишлайдиган қисмига олиб борадиган деразасиз туннелга етиб келди. Кириш олдида ўрнатилган овоз сканери сўнгги текширув мосламаси эди.
Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА)
Криптография бўлими
Фақат ваколатли ходимлар учун
Қуролланган соқчи Сьюзанни кўриб ажабланганини яширмади:
Хайрли кун, мисс Флетчер. Бугун келишингиздан бехабар эдим.
Салом, Жон. Ўзим ҳам бехабар эдим бундан, ҳорғин жилмайиб жавоб берди Сьюзан ва параболик микрофонга эгилиб, тиниқ овозда: Сьюзан Флетчер, деди. Компьютер дарҳол унинг товушини таҳлил қилиб, тасдиқлади ва эшик очилишга рухсат берилди. Сьюзан ичкарига қадам ташлади.
* * *
Цемент йўлдан ичкарига қараб кириб кетаётган қизнинг ортидан соқчи завқланиб қараб қолди. Сьюзаннинг оч жигарранг кўзлари бугун бироз толиққан кўринган бўлса-да, унинг ёноқларига қизил югурган, каштанранг сочлари яқинда ювилиб, қуритилганини сезиш қийин эмасди. Қиз ўтган йўлдан Johnsons Baby упасининг майин ифори таралиб турарди. Қўриқчи кўзларини Сьюзаннинг нозик танасига, оқ кофтасининг остидан билинар-билинмас кўриниб турган сийнабандига, тиззаси баравар юбкасига ва ниҳоят оёқларига қаратди Сьюзаннинг оёқлари
Мана шу нозик бадан 170 IQга эга эканини ўйлаб, қизнинг орқасидан узоқ вақт тикилиб турди. Сьюзан туннель ичида кўздан ғойиб бўлгачгина нигоҳини бошқа ёққа бурди.
* * *
Сьюзан йўлакнинг охирига етиб келди, чуқур уҳ тортиб, рўпарасида катта ҳарфлар билан Крипто деб ёзилган гумбазсимон шаклдаги эшикка яқинлашди, махсус қурилмага ўзининг бешта рақамдан иборат паролини киритди. Бир неча сониядан кейин ўн икки тонналик пўлат эшик аста-секинлик билан айланиб, очила бошлади. Сьюзан фикрини бир ерга жамлашга уринса-да, барибир хаёли Девидда эди.
Девид Беккер. Сьюзаннинг ягона муҳаббати. У Жоржтаун университетидаги энг ёш профессор олим, хорижий тиллар бўйича бетакрор мутахассис бўлиб, академиянинг энг кўзга кўринган аъзоси эди. Ноёб хотираси ва тилларга бўлган муҳаббати туфайли Девид испан, француз, итальян тиллари билан бир қаторда яна олтита Осиё тилини мукаммал эгаллаганди. У тилшунослик ва тилларнинг келиб чиқишига оид маъруза ўтказадиган куни залга одам шунчалик кўп тўпланардики, жой етишмаганидан тингловчилар ҳатто тик оёқда туриб бўлса-да, маъруза эшитишга тайёр эдилар, Девид эса дарс сўнггида ўзига ёғдирилган саволлар ёмғирига сабр билан жавоб қайтарарди. Унинг эътибор ва иштиёққа тўлиб сўзлаши кўпгина аёлларнинг алоҳида эътирофига ва муҳаббатига сазовор бўлганди.
Девид Беккер қорачадан келган, гавдали, яшил кўзларидан донолик уфуриб турадиган ўттиз беш ёшлардаги йигит эди. Унинг кучли жағлари, таранг мушаклари Сьюзанга ишлов берилган мармарни эслатарди. Бўйи 1,85 метр бўлган Девид сквош ўйинида устаси фаранг эди ва ҳамкасбларини ҳамиша доғда қолдирарди. Йирик ҳисобли ғалабадан кейин одатда Девид қизиб кетган баданига ором бериш учун бошини жўмрак остига тутиб, муздек сувда пишқириб юварди, кейин эса қалин қора сочларидан чаккиллаб сув томганича рақибини мевали коктейл ва пишириқ билан меҳмон қиларди.
Бошқа ёш профессорлар сингари, Девиднинг университетдан оладиган маоши ҳаминқадар эди. Шу сабабли у вақти-вақти билан Вашингтон атрофидаги ҳукумат агентликларида таржимонлик қилиш орқали қўшимча пул ишларди. Айнан мана шу машғулот унинг Сьюзан билан учрашишига сабаб бўлганди.
Кузги таътил кунлари. Аёзли тонгларнинг бирида Беккер эрталабки спорт машғулотларини бажариб, уч хонали квартирасига қайтганида, телефон аппарати унга овозли хабар қолдирилганидан сигнал бериб, ўчиб-ёнаётган эди. Ярим стакан апельсин шарбатини сипқораркан, Девид аудиони диққат билан тинглади. Бир томондан олиб қараганда, хабарнинг асосий мазмуни, ҳар доимгидек, ҳукумат идораларидан бирида бир неча соат давомида таржимонлик қилишга таклифдан иборат эди. Ягона ғалати жиҳати шунда эдики, Беккер уни ишга таклиф қилган муассаса номини олдин ҳеч қаерда эшитмаганди.
Улар ўзларини Миллий хавфсизлик агентлиги деб таништиришди. Бу ҳақда нимадир биласанми? Девид бир неча ҳамкасбига қўнғироқ қилиб, шу саволни сўради, аммо барча жавоблар деярли бир хил бўлди.
Миллий хавфсизлик кенгаши демоқчимисан?
Йўқ, кенгаш эмас, айнан Миллий хавфсизлик агентлиги. МХА, жавоб берди Девид, ишонч ҳосил қилиш учун яна бир бор хабарни текшираркан.
Дўстлари ажабланиб бундай ташкилот ҳақида ҳеч нарса қулоқларига чалинмаганини айтишди.
Шундан кейин Беккер эринмасдан ҳукумат рўйхатидан ўтган муассасалар номини текширди, барибир ҳеч нарса чиқмади. Боши қотиб турганида хаёлига бирга сквош ўйнайдиган эски қадрдони келиб қолди. Ўтмишда сиёсатчи бўлган бу дўсти ҳозирда Конгрессда котиб бўлиб хизмат қиларди. Девид ундан бирор жўяли маълумот чиқишига ишониб адашмаганди. Бироқ дўстининг бу агентликка берган изоҳи Беккерни шошириб қўйди.
МХА мавжудми дейсанми? Миллий хавфсизлик агентлиги фақат мавжудгина эмас, балки у дунёдаги энг нуфузли муассасалардан бири ҳисобланади. У дунё миқёсида электрон разведка ахборотларини тўплаш билан шуғулланади, шу билан бир қаторда ярим асрдан ошиқроқ вақт давомида АҚШ ахборот тизимини ҳимоя қилиб келмоқда. Қизиғи шундаки, Америка аҳолисининг атиги уч фоизигина бундай ташилот мавжудлигидан бохабар холос. Энди сен ҳам ана шу уч фоиз қаторига кирдинг, табриклайман, деди дўсти, кулганча хайрлашаркан.
Бу гапни эшитиб Девид иккиланиб қолди, юрагига ҳадик оралади, шундай бўлса-да, барибир қизиқиш устунлик қилиб, сирли агентликнинг таклифини қабул қилди ва Мэриленддаги Форт Мид шаҳрининг кўз илғамас ўрмонли қоялари орасига яширинган, майдони ўн беш гектарни ташкил этувчи МХАнинг бош офиси томон йўл олди. Манзилга етиб борганида Беккер ҳисобсиз хавфсизлик текширувларидан ўтказилганидан сўнггина бинога киришга ижозат сифатида олти соатга яроқли голограммали рухсатномага эга бўлди. Йигитга расмий ҳамроҳлик қилаётган ходим уни МХАнинг тадқиқот марказига олиб келди. У ерда Девидга асосий вазифаси бир неча соат давомида Криптография бўлинмасининг ишини кузатиб, сўралган вақтда зарур ёрдамни беришдан иборат эканини уқтиришди. «Криптография бўлинмаси ўйлади Девид. Номидан кўриниб турибди, ҳойнаҳой улар шифрланган кодларни ечиш билан шуғулланувчи юқори салоҳиятли математиклар гуруҳи бўлса керак. Мен қандай ёрдам беришим мумкин, ҳайронман». Ҳашаматли хонада тўпланган одамларга қараркан, йигитнинг хаёлидан шундай фикрлар ўтарди.