Рақамли қалъа - Браун Дэн страница 4.

Шрифт
Фон

Шундай куз кунларининг бирида улар Жоржтаун билан Рутгер университети ўртасида бўлиб ўтаётган футбол матчини томоша қилганча стадионда ўтиришарди.

 Қайси спорт тури билан шуғулланаман дегандингиз? Цуккини эдими? илжайиб сўради Сьюзан.

Беккер лабини бурди:

 Йўқ, сквош ўйнайман мен.

Сьюзаннинг савол аралаш нигоҳини кўриб, Девид тушунтирди:

 Сквош ҳам цуккинига ўхшайди, лекин кичикроқ кортда ўйналади, ва қизнинг бурнини чимчилаб қўйди.

Рақиб жамоа Жоржтаун дарвозасига чап бурчак остидан тўп йўллади, томошабинлар оҳлаб юборишди, ҳимоячи жон-жаҳди билан дарвоза томон шошилди. Ўйин шиддатли тус олди.

 Ўзингчи, бирор спорт тури билан шуғулланасанми? сўради Девид.

 Стэйрмастер бўйича қора белбоғим бор, кулди Сьюзан.

 Ммм, менга ғолиб бўлиш мумкин бўлган спорт билан машғул бўлиш ёқади, ўзингни ўзинг ютолмайсан-ку, эътироз билдирди Девид қизнинг елкасидан қучганича.

Жоржтаун ҳимоячиси тўп йўлини тўсиб, рўй бериши мумкин бўлган голнинг олдини олгач, оломон хурсандчиликдан қийқириб юборди.

Сьюзан буларга беэътибор қараб, Девидга эгилди ва қулоғига шивирлади:

 Доктор.

Девид кўзини стадиондан узиб, қизга тикилди, гап нима ҳақида эканини тушунмади.

 Доктор, яна қайтарди Сьюзан. Хаёлингизга келган илк сўзни айтинг.

Беккер шубҳа аралаш сўради:

 Сўз ўйини?

 Оддий МХА тартиби. Мен ким билан эканимни билишим зарур, Сьюзан Девиднинг кўзларига қатъий тикилди; Доктор.

Беккер елка қисди:

 Дулиттл.

Сьюзан чимирилди:

 Окей, бунисига нима дейсиз Ошхона.

 Ётоқхона, иккиланмасдан қайтарди Девид.

Бу жавобдан сўнг қиз уялганича қошларини қоқди:

 Кат.

 Гут.

 Гут?

 Ҳа-да, катгут. Сквош ўйинидаги ракетка арқони.

 Ооо, ажойиб қиз жилмайди.

 Хўш, қандай ташхис қўйдинг менга?

Сьюзан бир дақиқа ўйлаб тургач, жавоб берди:

 Сиз беғубор, сўнгги вақтларда бирор қиз билан яқин алоқада бўлмаган сквош жиннисисиз.

 Шунақага ўхшайди, ҳайрон бўлиб тасдиқлади Девид.

* * *

Мана шу зайлда ҳафталар ўтиб борарди. Бир куни кечки овқат устида Беккер уни саволларга кўмиб ташлади.

У математикани қаерда ўрганган?

Қандай қилиб МХАга келиб қолган?

Шунчалар мафтункор бўлишига сабаб нима?

Сьюзан уялганича ёшлигида иркит ўрдакча бўлганини тан олди; баланд бўйига мос тушмаган ўта ингичка қомати, бунинг устига тишига ўрнатилган брикетлар уни баттар бесўнақай кўрсатганини кулиб эслади. Сьюзаннинг Клара холаси бир марта қизнинг ақлга лиқ тўла мияси унга бесўнақай яратгани учун Худонинг узри деб айтган экан.

«Жуда эрта сўралган узр. Агар Худо Сьюзаннинг келажакда бундай соҳибжамолга айланишини билганида борми» ўйлади Беккер.

Сьюзаннинг криптографияга қизиқиши юқори мактабда ўқиб юрган кезлари бошланганди. Бир куни компьютер клубининг ёш президенти Фрэнк Гутмен унга севги мактубини ёзди ва хатни рақамли дастур билан шифрлаб қўйди. Мактубни очиб, уни ўқий олмагач, Сьюзан унинг сирини айтишини сўраб Фрэнкка ёлворди, лекин йигитча кўзларини сузганича илтимосни рад этди. Қиз шаҳд билан мактубни ушлаб уйига йўл олди, бутун тунни чироқ ёруғида ёзувлар сирини аниқлашга сарфлаб, мижжа қоқмади, ниҳоят тонгга яқин ҳар бир рақам маълум бир ҳарфни ифода этишини тушуниб етди. Эҳтиёкорлик билан кодни жой-жойига қўйиб чиққач, мўъжизадан лол қолди: турфа хил маънисиз рақамлар кўз ўнгида бетакрор шеърни намоён қилганди. Ўша оний лаҳзаларда кодлар ва криптографияга қизнинг ишқи тушиб қолди ва бутун ҳаётининг мазмунига айланди.

Деярли йигирма йилдан сўнг математика бўйича Жон Хопкинс университетида магистрлик даражасини қабул қилгач, қиз машҳур Массачусетс университетида тўлиқ грант асосида рақамлар назариясини ўрганди ва «Қўлланма дастурлар учун криптография методлари, протоколлар ва алгоритмлар» мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Илмий ишининг довруғи университетдан ташқарига ҳам ёйилган шекилли, орадан бироз вақт ўтиб, Сьюзан МХАдан қўнғироқ ва самолёт чиптасини қабул қилиб олди.

Криптография билан шуғулланувчи ҳар бир киши МХА ҳақида яхши хабардор бўлиб, у Ер юзидаги энг ақлли криптографлар учун бошпана эди. Ҳар баҳор хусусий тармоқ фирмалари юқори салоҳиятга эга ишчи-ходимларни қидириб топиб, улар билан маош масаласида бир тўхтамга келар, МХА эса бу жараённи диққат билан кузатиб, тайёр вариантлар орасидан энг муносибларини мўлжал қилар ва осмондан тушгандек улар олдида хусусий корхоналардан кўра икки баробар манфаатли таклиф билан пайдо бўларди. МХА нимани истаса, шуни сотиб олади. Бу ёзилмаган қонун. Сьюзан учрашувни сабрсизланиб кутганича Вашингтонга учиб келгач, уни аэропортда МХА ҳайдовчиси кутиб олиб, Форт Мидига елдек учириб олиб кетди.

МХА қароргоҳида Сьюзан ўзига ўхшаб иш таклифини олган яна қирқ бир кишига дуч келди. Ўша вақтлари йигирма саккиз ёшга кирган Сьюзан Флетчер улар орасида нафақат энг ёш, балки ягона аёл номзод ҳам эди. Ташриф ахборот алмашиш учун чақирилган йиғилишдан кўра кўпроқ номзодларнинг ақлий салоҳиятини ўлчайдиган текширувга айланиб кетди. Ўша куни ўзининг натижаси ҳақида ҳеч қандай ижобий ёки салбий жавоб билолмасдан, ҳафсаласи пир бўлиб ортга қайтган Сьюзанни келаси ҳафта қайта чақиришди. Гарчи иккиланаётган бўлса-да, Сьюзан яна Вашингтонга учди. Бу сафар у қабулхонада атиги олти кишини учратди холос. Ичкарига таклиф қилингандан кейин номзодлар бир-биридан холи ҳар хил вазифаларни бажаришди. Улар ёлғон детекторидан ўтишди, насл-насаблари қаттиқ суриштирилди, ёзувлари таҳлил қилиниб, бир-биридан кутилмаган ва ғалати саволлардан иборат интервьюларда соатлаб ўтиришди. Суҳбатда уларнинг жинсий мойиллиги, ким билан неча маротаба қай усулда интим алоқада бўлгани ҳақидаги ўта шахсий саволлар ҳам бор эди. Интервью олувчи Сьюзандан қачондир бирор ҳайвон билан жинсий яқинлик қилган-қилмагани ҳақида сўраганида бечора қиз шунақа уялиб кетдики, хонадан отилиб чиқиб кетишдан ўзини зўрға тийиб қолди. Фақатгина энг замонавий кодлаш назарияси устида ишлаш илинжи, «сирли ошён»га қадам қўйиш ва дунёдаги энг махфий ташкилот, Миллий хавфсизлик агентлигининг аъзосига айланиш умидигина уни, минг ноқулай бўлмасин, саволларга тўлиқ жавоб беришга мажбур этди.

Қизнинг ҳикоясига маҳлиё бўлганича диққат билан эшитиб ўтирган Беккер ажабланиб сўради:

 Улар ростдан ҳам ҳайвонлар билан жинсий алоқада бўлганмисан, деб сўрадими?

Сьюзан бош ирғади:

 Бу аслият текширувининг бир қисми холос.

 Тушунарли Беккер кулиб юборишдан ўзини босишга уриниб яна сўради: Сен нима деб жавоб бердинг?

 Ярамас, қиз ярим ҳазил, ярим чин жаҳл қилиб, стол остидан Девидни тепаркан, мен уларга йўқ деб жавоб бердим, деди. Кейин маъноли жилмайиб, қўшиб қўйди:

 Умуман олганда сиз билан бирга ўтказган тунимгача бу гапим ҳақиқат эди.

* * *

Девид Сьюзан бутун умр учратишни орзу қилган мукаммал инсоннинг айни ўзи эди. Бироқ йигитнинг бир феъли бор эдики, бунга қиз асло тоқат қилолмасди: ҳар сафар овқатлангани чиқишганида Беккер ҳисобни доим ўзи тўларди. Йигит бир кунлик даромадининг барчасини икковларининг учрашуви учун сарфлашини кўриб, Сьюзаннинг виждони қийналарди, шу сабаб бир-икки марта чекни официантнинг қўлидан олиб, бугун у тўламоқчи эканини айтганида, Девид буни ҳақорат сифатида қабул қилиб, қаттиқ жаҳли чиқди. Шу-шу Сьюзан бу ҳолатга эътироз билдирмасликни ўрганди. Лекин «аслида мен тўлашим керак, ахир мен керагидан ҳам кўпроқ пул топаман», деган фикр уни тинч қўймасди барибир.

Хуллас, мана шу ҳаддан ташқари олийжаноблигини ҳисобга олмаганда, у идеал жуфт эди. Беккер раҳмдил, ақлли, ҳазилкаш бўлиб, муҳими, унда Сьюзаннинг касбига нисбатан самимий қизиқиш уйғонганди. Қаерда бўлишларидан, нима қилишларидан қатъий назар, Девид ҳамиша қиз билан криптография ҳақида гаплашишга тайёр турарди. Хоҳ музейда айланганларида, хоҳ велосипед ҳайдаётганларида ёки Сьюзаннинг ошхонасида спагетти тайёрлаётганларида, бундан қатъий назар, йигит уни беҳисоб саволларга кўмиб ташларди. Сьюзан ҳам ўз навбатида Крипто ҳақида айтишга рухсат бўлган саволларга жавоб бериб, МХАни қисқача тасвирлаб бераркан, Девид эшитганларига маҳлиё бўлиб ўтирарди.

Ваша оценка очень важна

0
Шрифт
Фон

Помогите Вашим друзьям узнать о библиотеке

Популярные книги автора