Рақамли қалъа - Браун Дэн страница 5.

Шрифт
Фон

Президент Труман томонидан 1952 йил 4 ноябрь соат 12:01 да ташкил этилган МХА дунёнинг энг маҳфий разведка агентлиги сифатида эллик йилдан ошиқроқ вақт мобайнида фаолият кўрсатмоқда эди. МХАнинг етти варақдан иборат тамойиллар тўплами жуда оддий асосга қурилган бўлиб, АҚШ ҳукуматининг ахборот тизимини ҳимоя қилиш ҳамда хорижий кучларнинг алоқа агентликларини кузатиб, вақти келганда чеклашдан иборат эди.

МХАнинг асосий қароргоҳи жойлашган бинонинг томи беш юздан ошиқ катта-кичик антенналар билан тўлиб-тошган, ҳажми эса ўн саккиз квадрат километрга ёйилган бўлиб, бу МХА ҳудуд жиҳатдан Марказий разведка бошқармасидан икки баробар каттароқ дегани эди. Бинонинг ичкари қисмида жами саккиз миллион фут телефон кабеллари, саксон минг квадрат футга чўзилган ўқ ўтмас деразалар бор эди.

Сьюзан Девидга МХАнинг дунёдаги барча сунъий йўлдошлар, жосуслар, ёзма ва оғзаки ахборотни назорат қилувчи глобал разведка бўлинмаси Comint ҳақида сўзлаб берди. Ҳар куни шубҳали туюлган минглаб суҳбатлар, маълумотлар МХАнинг таҳлилчиларига расшифровка учун юборилади ва улар томонидан кодлари ечилиб, ўрганилади. ФҚБ, МРБ, АҚШ Интерполининг барчаси бирор муҳим маълумот олиш учун МХА разведкасига суянади. Криптографлар фош этган ахборотларнинг аксарият қисми ҳақиқатан ҳам АҚШ ҳудудидаги ҳукуматнинг хавфли душманлари, адоват руҳидаги фракциялар ва террорчи гуруҳларга тегишли бўлиб чиқади. Бундай сўл гуруҳлар ҳар эҳтимолга қарши, хавфсизлик юзасидан ўз мулоқотларини турли хил кодлар ёрдамида шифрлаб амалга оширишади, лекин Comint туфайли керакли ахборот жуда тез қўлга киритилиб, фош этилади.

Беккер худди гипнозлангандек Сьюзаннинг гапини бўлмасдан тинглади, кейин эса сўради:

 Сенинг асосий машғулотинг нима у ерда?

 Умуман олганда жуда оддий, мен кодларни ўрганаман, уларни миям ёрдамида ечаман ҳамда МХАга маълумотларни еткизиб бераман, Сьюзан шундай деб бамайлихотир жавоб берса-да, севган инсонини алдаётгани учун ичини ит тирнади. Лекин қизнинг ўзини аслида нималар билан шуғулланишини айтишга имкони йўқ эди. Агар Девид бу саволни бир неча йил олдин берганида, Сьюзан ҳеч иккиланмасдан ҳақиқатни айтиб берган бўларди, лекин ҳозир МХАда кўп нарса ўзгарди. Криптография дунёси ўзгарди. Сьюзаннинг янги вазифалари шу даражада машаққатли эдики, бир нечта карвонга юк бўларди.

Сьюзаннинг хаёлларидан бехабар Девид кодлар ҳақида эшитиши биланоқ чеҳраси очилиб кетди:

 Ўзи нимадан бошлайсан кодларни очишни? Айтмоқчиманки, қандай қилиб уларни ечасан?

Сьюзан жилмайди:

 Бу худди хорижий тилни ўрганишга ўхшайди. Дастлаб кўрганингизда матнга тушунмайсиз. Лекин унинг тузилиши билан боғлиқ қоидаларни ўрганганингиздан кейин белгиларнинг асл маъносини чақишни бошлайсиз. Бу унчалик мураккаб эмас.

Беккер тушунгандек бош ирғади. Сьюзан Девиднинг бу ҳақда кўпроқ билгиси келаётганини сезиб, унга криптография бўйича кичик сабоқ бермоқчи бўлди. Стол устида ётган салфетка ва концерт афишаларидан ёзув тахтаси сифатида фойдаланаркан, қиз Юлий Цезарнинг «Тўғри квадрат» деб аталувчи махфий кодлаш тизимини тушунтиришга киришди.

 Цезарь тарихдаги энг биринчи кодли хабар ёзган одам бўлган, изоҳ берди Сьюзан Цезарнинг исмини эшитиб ажабланган йигитга. Императорнинг хат ташувчиларига ҳужумлар авж олиб, унинг махфий ёзишмалари ўғирланиши хавфи кучайгач, Цезарь ҳимоя чораси сифатида мактубларни шифрлаш усулини ўйлаб топди, бунга матннинг ҳарфлари ўрнини бегоналарга тушунарсиз бўлган тарзда ўзгартириб, бир қараганда маълумотни маъносиздек кўрсатиш ҳисобига эришганди. У кашф этган усул шундан иборат эдики, матннинг ҳажмига қараб ҳар бир ёзишмадаги ҳарфлар сони қатъий белгиланган бўлиб, улар фақатгина квадратга бўлинувчи сонлардан ташкил топарди. Масалан, ўн олти, йигирма беш, қирқ тўққиз, саксон бир, юз ва ҳк. Цезарь ишончли хизматкорларига ўзи юборган хабарни ўқиш учун матндаги ҳарфлар сони қайси рақамнинг квадратига тенг бўлса, уларни худди шунча қаторга кетма-кет тақсимлашларини ва ҳосил бўлган натижани юқоридан пастга қарата ўқишларини тайинларди. Масалан, Сьюзан Девид осонроқ тушуниши учун қўлидаги қалам билан сочиққа чизишни бошлади:

М Н М Е Е Г И В Н И М И И С Д Д

 Тасаввур қилинг, Девид, бу сизга келган хабар. Унда ўн олтита ҳарф бор. Ўн олти тўрт рақамининг квадрати ҳисобланади. Демак, сиз ҳозир бу ҳарфларни тўртта қаторга тенг бўлиб чиқишингиз зарур. Мана бундай қилиб:

М Н М Е

Е Г И В

Н И М И

И С Д Д

Энди эса ҳосил бўлган квадратдаги сўзларни тепадан пастга қарата ёзиб, маъноли қисмларга ажратамиз:

МEНИНГИСМИМДEВИД

МEНИНГ ИСМИМ ДEВИД

 Кўриб турганингиздек, сим-сим очилди! Сьюзаннинг маҳоратини ҳайрат оғушида кўзларини катта-катта очганича кузатиб ўтирган Девидга қараркан, қиз завқланганича энгашиб, унинг бурнидан ўпиб қўйди ва давом этди:

 Орадан вақтлар ўтди. Цезарь бошлаб берган ҳарфларни чалкаштириш орқали ёзишмаларни ҳимоялаш усули бошқалар томонидан ўзлаштирилиб, янада мураккаблаштирилди. Иккинчи жаҳон уруши даврида нацистлар томонидан қурилган кодлаш машинаси Enigma ўз даврининг энг ноёб намунаси бўлиб қолди. Компьютерлашмаган бу аппарат ёзув машинкасига ўхшаб кетарди ва ўзига киритилган ахборотни саноқли дақиқалар ичида умуман уқиб бўлмайдиган, беўхшов белгилар тўпламига айлантириб чиқариб берарди. Enigma шифрлаган маълумотни фақатгина бошқа бир Enigma машинасигина расшифровка қила оларди

Девид қизнинг шу каби ҳикояларини қулоқ қоқмасдан, итоаткор талаба сифатида тингларди. Ниҳоят, бир куни, университетда спектакль кўриб ўтиришганида қиз унга код ечиш бўйича илк топшириқни берди. Танаффус вақтида йигит қўлидаги ручкани уёқдан-буёққа айлантирганича қоғоздаги ўн беш ҳарфдан иборат мактубнинг маъносини чақолмай боши қотиб ўтирарди.

РЗЖ

ЛДМВЯ

ЕПЯРЗЖ

Матнни гоҳ юқоридан пастга, гоҳ ўнгдан чапга қарата ҳар хил усулда ўқишга сарфлаган аллақанча дақиқалари бесамар кетгач, Девид ўзини ҳақиқатан ҳам боши берк кўчага кириб қолгандек ҳис қилди. Қоғозга қанча тикилиб ўтирганини билмайди, лекин чироқлар ёруғи пастлаб, спектаклнинг иккинчи қисми бошланаётганидан дарак берганда, йигит сапчиб ўрнидан туриб кетди. У ҳаммасини тушунганди. Сьюзан хабарни кодлаш учун оддийгина қилиб ҳар бир ҳарфни алифбо бўйича ўзидан битта олдингисига алмаштириб қўйганди. Кодни ечиш учун Беккер шунчаки ҳарфларни ўзидан кейин келадигани билан алиштириши кифоя эди. Яъни хатдаги «a»ни «б»га, «б»ни эса «в»га айлантириб ўқиш керак эди. Ўзининг натижасидан ёш боладек қувониб кетган Девид ҳаяжонланиб, қизнинг мактубини охиригача ўқиди:

СИЗ МEНГА ЁҚАСИЗ

Кўз олдида намоён бўлган муҳаббат изҳори йигитга битмас-туганмас қувонч бағишлади. Шоша-пиша қўли қалтираб, жавоб хатини ёзди ва Сьюзанга тутқазди:

РДМ ФЯЛ ЛДМВЯ ЕПЯРЯМ

Ёзувни ўқиган Сьюзаннинг юзига табассум югурди. Уни кузатаркан, Беккер энтикиб кетди; у ўспирин йигитча эмас, балки эс-хушини йиғиб олган ўттиз беш ёшли ақли расо эркак эди, лекин, шунга қарамай, Сьюзан ҳақида ўйлаганида юраги қафасидан чиққудек бўлиб, потирлаб урарди. Беккерни умри давомида ҳеч қайси аёл ўзига бунчалик ром этмаганди. Сьюзаннинг нафис қомати, сип-силлиқ бадани, дуркун кўкракларига қараб туриб, унинг қачондир, узоқ ўтмишда бесўнақай ўспирин бўлганига ишонгиси келмасди, баъзан қизга ҳазиллашиб, «сен амалий математика ва сонлар назарияси бўйича докторлик унвонига эга мен учратган ягона модельерсан», деб таъкидларди.

Ваша оценка очень важна

0
Шрифт
Фон

Помогите Вашим друзьям узнать о библиотеке

Популярные книги автора