Рақамли қалъа - Браун Дэн страница 8.

Шрифт
Фон

Ҳали иш бошлаганига бир йил бўлмаган Сьюзан бир куни эрта тонгда янги криптографлар учун ажратилган дам олиш хонасига қандайдир ҳужжатларни олиш учун кирди. Керакли қоғозларни олиб, эшикдан чиқаётган маҳали эълонлар тахтасида осилган ўзининг расмига кўзи тушиб, уятдан ерга кириб кетгудек бўлди. Суратда ҳарир ич кийимини кўз-кўз қилганча, каравотга ястаниб ётиб олган Сьюзанни кўриш мумкин эди. Бечора қиз бу расмга қачон тушганини эслаёлмай ақлдан озаёзди. Кейин маълум бўлдики, криптографлардан бири порнографик журналлардан биридан бу шармандали расмни сканлаб олган ва моделнинг боши ўрнига Сьюзаннинг калласини Photoshop ёрдамида ўрнатган. Натижада Сьюзан ўзини ич кийимда намойиш қилаётгандек тасаввур уйғотувчи жуда ишонарли расм пайдо бўлган.

Бахтга қарши, командор Стратмор криптограф кўрсатган бу ҳунарни зиғирча бўлсаям кулгили деб қабул қилмади. Икки соатдан кейин эълон пайдо бўлди:

Ходим Карл Остин номақбул хулқ-атвори сабабли ишдан бўшатилди.

Шу кундан бошлаб ҳеч ким Сьюзанга ортиқча гап-сўз қилмай қўйди; у командорнинг олмос қизига айланган эди.

Стратморнинг ёш шогирдлари уни ҳурмат қиладиган ягона одамлар эмасди; карьерасини энди бошлаган кезларидаёқ у ғайриоддий ва ўта муваффақиятли разведка операциялари борасидаги таклифлари билан юқоридагиларнинг эътиборига сазовор бўлганди. Амал пиллапояларидан бирма-бир кўтариларкан, Тревор Стратмор мураккаб вазиятлардаги таҳлилий мулоҳаза юритиши, МХА атрофида ўралашаётган чигал муаммоларни ҳал қилишда ақлига таяниб, мамлакат ва ташкилот фойдаси учун маъқул қарор чиқариши ва қарор ижросини таъминлашга ғов бўладиган ҳар қандай тўсиқни шафқатсизларча йўқ қилиши билан ном қозонганди.

Стратмор ватанини қаттиқ севишига ҳеч ким шубҳаланмасди. У ҳамкасблари кўз ўнгида ҳақиқий ватанпарвар ва салкам авлиё даражасида эди

Сьюзан МХАга келганидан бери Стратмор Крипто тараққиёт бўлими раҳбари лавозимидан бутун бошли МХАда иккинчи ўринда турувчи директор ўринбосари даражасига кўтарилди. Энди фақат бир киши директор Фонтейнгина Стратмордан амал жиҳатдан устун эди. МХА раҳбари Лиленд Фонтейнни ҳеч ким кўрмаган, ахён-ахёнда эшитишарди холос, шунга қарамасдан, барча ходимлар юрагида унга нисбатан абадий қўрқув шаклланиб қолганди. Лиленд ва Стратмор ҳам бир-бирига камдан-кам дуч келса-да, уларнинг учрашуви титанлар тўқнашувини ёдга соларди. Фонтейн бу икки гигант ичида каттаси бўлса ҳам, Стратмор бунга эътибор қилмасди. Ҳатто АҚШ президенти ҳам МХА директорига ўйлаб муомала қилар, Стратмор эса Фонтейн билан баҳслашганда қони қайнаган боксчи сингари фикрларини шарт-шарт айтиб ташларди.

Бундай ишга жазм этиш учун одамдан сиёсий иммунитет талаб қилинади одатда, Стратморга эса журъатни сиёсий хилма-хиллик берарди.

* * *

Сьюзан зинанинг тепасига етиб келди, қўнғироқни босишга улгурмасидан электрон қулф ғинғиллаб, эшик очилди, ичкарида ўтирган командор қизга қўл силкиб, ичкарига таклиф этди.

 Келганинг учун раҳмат, Сьюзан, сендан қарздорман.

 Ҳечқиси йўқ, командор, вазифам-ку бу, Сьюзан Стратмор рўпарасидаги курсига ўтираркан, жилмайиб жавоб берди.

Командор баланд бўйли, гавдали одам бўлиб, бу хусусият уни янада қаттиққўл ва талабчан қилиб кўрсатарди. Унинг доимо ишонч ва вазминлик муҳрланган кулранг кўзлари бугун негадир бежо кўринди.

 Чарчаган кўринасиз, тинчликми? Сьюзан сўради.

 Анча яхшиман, жавоб берди командор.

Сьюзан Стратморга диққат билан тикиларкан, командорнинг аҳволини кўриб, нимадир рўй берганини сезди. Унинг сийрак кулранг сочлари тартибсиз кўринишда, хонада кондиционер ишлаб турган бўлишига қарамай, пешонасида тер томчилари ялтираб кўринарди. Ғижимланиб кетган костюми Стратмор уйга кетмасдан, кечаси шу ерда ухлаганидан дарак берарди. Компьютер ўрнатилган столнинг устида қоғозлар тартибсиз сочилиб, ҳар хил ҳужжатлар уйилиб кетганди.

 Оғир ҳафта бўлдими? Сьюзан нима бўлаётганини билиш учун яна сўради.

Стратмор бошини чайқади:

 Ҳар доимгидек. ЭЧЖ фуқаролар дахлсизлиги юзасидан яна бўйнимга осилишни бошлади.

Қиз қиқирлаб кулди. ЭЧЖ ёки Электрон чегараланиш жамияти дунё миқёсидаги компьютер фойдаланувчилари томонидан ташкил этилган коалиция эди. Унинг асосий мақсади интернетдаги эркин фикрлашни қўллаб-қувватлаш ҳамда электрон дунёнинг хавф-хатар ва воқеликлари ҳақида бошқаларга таълим бериш эди. Бу жамият аъзолари доимий равишда ҳукумат агентликларини, айниқса МХАни шахс дахлсизлигини поймол қилишда айблаб келарди. ЭЧЖ Стратморнинг оёғига кирган чақиртиканак эдики, ҳеч ундан қутулиб бўлмасди.

 Эски ҳаммом, эски тос, эътибор берманг, бақириб-чақириб ўзларига келиб қолишади, Сьюзан таскин берди. Хўш, қандай фавқулодда ҳолат юз берди ўзи?

Стратмор бармоқларини партага чертганича, гапни нимадан бошлашни билмагандек ўйланиб қолди. Узоқ жимликдан кейин Сьюзаннинг нигоҳига тикилди ва жиддий оҳангда сўради:

 Трансхабар бирор кодни ечиш учун сарфлаган энг узоқ муддат қанча эди?

Савол Сьюзанга ғалати туюлди, командорнинг нимага шаъма қилаётганини илғай олмади.

 Хўш қиз иккиланди. Бир неча ой муқаддам Comint тутган кодни ечишга Трансхабар бир соат сарфлаганди. Лекин у ҳақиқатан ҳам жуда узун калит сўз эди тахминан ўн минг бит атрофида.

Стратмор ғудранди:

 Бир соат, тушунарлиЯқинда биз таҳлил учун киритган кодларимизчи?

Сьюзан елка қисди:

 Албатта, агар синов тажрибаларни ҳам ҳисобга олсак, улар кўпроқ вақт олган.

 Қанчалик узоқ?

Сьюзан Стратмор гапни қаерга олиб бораётганини тушунмади:

 Жаноб, мен ўтган март ойида калит сўзи миллион битга тенг алгоритмни синаб кўрдим. Шунда ҳам Трансхабар уни еча олди.

 Қанча муддатда? сабрсизланиб сўради Стратмор.

 Уч соатда.

Командорнинг қошлари чимирилди:

 Уч соат? Шунчалик узоқми?

Қизнинг қовоғи уйилди. Сьюзан сўнгги уч йилда вақтининг асосий қисмини Трансхабарнинг иш кўрсаткичларини ошириш йўлида меҳнат қилишга сарфлаганди. Машинанинг иш тезлигини янада кўтаришга хизмат қилган дастурларнинг аксарият қисми Сьюзан томонидан яратилганди. Миллион бит келадиган калит сўзни топиш учун уч соат сарфлашнинг ўзиёқ Трансхабарнинг тасаввур қилиб бўлмас даражадаги катта тезликда ишлашини кўрсатарди.

 Яхши, деди Стратмор. Демак, ҳатто энг узун кодни ҳам Трансхабар уч соатда ечиб бўлган, шундайми?

Сьюзан бош ирғиб тасдиқлади:

 Шундай, жаноб.

Командор худди ичидаги гапни айтишга қўрққандек ерга тикилиб, сукут сақлади. Орадан бироз вақт ўтгач, юқорига қаради:

 Трансхабар ниманингдир устида ишлаяпти ва гапини тўхтатди.

 Уч соатдан ҳам кўпроқми? қиз анграйиб қолди.

Стратмор «Ҳа» ишорасини берди.

 Янги диагностик кодми? Ёки хавфсизлик бўлими бирор код юборганмиди?

Командор бош чайқади:

 Гап ташқаридан келган файл устида кетяпти, МХАга алоқаси йўқ бу коднинг.

 Ташқи файл? Ҳазиллашяпсизми, жаноб?

 Қанийди шундай бўлса Мен ўтган кечаси, соат тахминан ўн бир яримда Трансхабарга файлни жойладим. Машина уни ҳалигача ечолгани йўқ.

Сьюзаннинг оғзи очилиб қолди. Бир соатига бир Стратморга қараб, нималар бўлаётганини таҳлил қилишга уринди.

 Ҳанузгача калит сўзни топмадими? Ўн беш соатдан ошибдику, командор! ишонқирамай сўзлади Сьюзан.

Стратмор эгилиб, компьютерининг экранини айлантириб, қизга кўрсатди. Қоп-қора экраннинг юзасида сариқ ҳарфлар милтиллаб турарди.

Ишлаш вақти: 15:09:33

Кутилаётган калит сўз: ________

Сьюзаннинг кўзларида ҳайрат учқунлари зоҳир бўлди. Бир сония ичида ўттиз миллион калит сўзни таҳлил қилишга мослашган Трансхабарнинг процессорлари бир соат ичида юз миллиарддан ошиқ тахминларни текшириб чиқишга қодир. Трансхабар ўн беш соатдан бери кодни ечолмаётгани калит жуда узун, камида ўн миллиард белгидан иборат эканини билдирарди. Буни ақлга сиғдириб бўлмасди.

Ваша оценка очень важна

0
Шрифт
Фон

Помогите Вашим друзьям узнать о библиотеке

Популярные книги автора