Олдида пайдо бўлган бундай тўсиқдан таҳликага тушиб қолган МХА муаммони ечиш учун Америка президентига ўта махфий таклиф билан мурожаат этди. Бу таклиф дунёдаги энг биринчи, универсал код ечиш машинасини яратиш билан боғлиқ эди. Давлат раҳбари бу ғояни нафақат маъқуллади, балки режанинг бекаму кўст амалга оширилиши учун МХАни тасаввурга сиғмас даражада беҳисоб маблағ ва картбланш ҳуқуқи билан ҳам таъминлади.
Кўплаб муҳандислар МХА тасаввуридаги код ечиш машинасини қуришнинг иложи йўқлигини таъкидласа-да, ташкилотнинг ўзи бундай фикрларга қулоқ илишни истамади. У «ҳеч нарса имконсиз эмас. Имконсиз туюлган ғоялар рўёби узоқроқ вақт олиши мумкин холос» деган шиорига содиқ қолиб, ишга киришди.
Орадан беш йил ўтиб, МХА ҳақ эканлигини яна бир бор исботлади. Сарфланган беш юз минг иш соати ва 1,9 миллиард доллар бесамар кетмади. Ишнинг сўнгги босқичи: жимитдек процессорларни қўл меҳнати ёрдамида аппаратга жойлаштириш, якуний ички дастурлаш тугатилгандан сўнг ниҳоят Трансхабар дунё юзини кўрди.
Гарчи Трансхабарни яратиш устида минглаб мутахассислар ишлаган бўлса-да, уларнинг иши шу даражада индивидуал тақсимландики, кўпчилиги аслида нимани яратиш устида меҳнат қилаётганидан бехабарлигича қолди. Трансхабарнинг ҳақиқий имкониятларидан бохабар шахслар жуда камчиликни ташкил этарди.
Машинанинг уч миллиондан ошиқ процессорининг барчаси бир-бирига параллель равишда кўз илғамас катта тезлик билан ҳаракатланиши натижасида ўта мураккаб калит сўзлар ҳам Трансхабардан қочиб қутулмасди. Мультимиллиард долларлик бу санъат асари калит сўзларни топиб, кодларни ечишда нафақат процессорлардан, балки эндигина юзага келаётган квант компьютерлаштиришдан ҳам қувват оларди. Бу технология ахборотни иккилик саноқ тизими тарзида эмас, аксинча, квант-механик ҳолатда сақлаш имкониятини яратиб берганди.
Октябрь ойининг изғирин пайшанба тонги. Машинани илк синовдан ўтказиш учун барча мутасаддилар йиғилди. Аппаратнинг қай тезликда ишлаши номаълумлигига қарамасдан, бир нарса аниқ эди агар барча процессорлар параллель ҳолатда, баравар фаолият юритса, Трансхабардан қудратлироқ код ечувчи машина бўлмайди. Ҳатто малакали муҳандислар ҳам унинг қанчалик қудратли эканини башорат қилишга ожиз эди.
Орадан бироз вақт ўтгач, башорат қилишга ҳожат қолмади. Машина ўзига киритилган қирқ олти белгидан иборат кодни очувчи калит сўзни чиқариб берганида синов бошланганига атиги ўн икки дақиқа бўлган эди холос. Трансхабар шу вақтгача энг тезкор компьютер камида йигирма йил ичида ечиши мумкин бўлган кодни бир неча дақиқаларда ошкор қилиб берганди. Бу Трансхабар энг кучли электрон ҳисоблаш машинасидан миллион марта кучлироқ дегани эди. Бу фактни таҳлил қилар экан, йиғилганлар бир муддат ҳайратдан лол бўлиб турди.
Трансхабар ҳақиқий ғалаба эди; бунда МХА бош директори ўринбосари Тревор Ж. Стратмор бошчилигидаги Ишлаб чиқариш бўлимининг ҳиссаси катта эди. Бироқ Трансхабарнинг мавжудлиги тугул ҳар қандай махфий хабарни саноқли сонияларда фош этиши мумкинлигини оммага ошкор этиб бўлмасди. Бу ўтмишда бўлганидек, қайтадан норозилик келтириб чиқариши мумкин эди. Қолаверса, машинанинг мавжудлигидан бошқа давлатлар хабар топса, улар ҳам шу каби ихтиро устида ишлашга киришмаслигига ҳеч ким кафолат беролмасди. Бу эса АҚШ ҳукумати хавфсизлиги ва МХА учун ортиқча муаммо келтириб чиқариши кундек равшан эди. Шу каби кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида командор Стратмор зудлик билан лойиҳа тўла муваффақиятсизликка учрагани тўғрисида сохта маълумот тарқатди. Фақат МХАнинг энг юқори қатлам вакилларигина асл ҳақиқатни биларди.
Трансхабар билан боғлиқ тажрибанинг омадсиз якунлангани ҳақидаги баёнотга ҳаммани ишонтириш учун МХА янги компьютер кодлаш дастури уларга зарар етказгани, дастур туфайли энди ҳуқуқ посбонлари учун жиноятчиларни тутиш ва айбини бўйнига қўйиш мушкул вазифага айлангани тўғрисида жар солди. Бу ёлғон ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларга бир олам қувонч бағишлади. МХА, режага мувофиқ, омма кўз олдида жангда ютқазди ва мағлуб ролини аъло даражада ижро этди.
Компьютерлашган кодларни ечишга ҳатто қудратли МХАнинг ҳам тиши ўтмаслиги борасидаги миш-миш нафақат ҳуқуқ ҳимоячилари, балки бошқа бир қатор гуруҳларга ҳам осойишталик бағишлади. Наркобизнесменлар, террорчи-экстремистлар, товламачилар, хуллас, телефонидаги суҳбатларни хавфсизлик агентлиги ходимлари томонидан яширинча эшитилишидан тўйганлар ҳеч иккиланмасдан кодланган электрон почта агентидан фойдаланишга ўтди. Улар энди жирканч жиноятлари тўғрисида шериклари билан қилган узундан-узоқ суҳбатлари ёзиб олинишидан ва суд залида уларга қарши ишлашидан қўрқмасди.
Ҳақиқатда эса Трансхабар разведка дунёсида янги даврни бошлаб берганди. МХА томонидан шубҳали кўринган тушуниб бўлмас белгилар мажмуаси машинага киритилса, Трансхабар уни бир неча дақиқадан кейин ўқишга яроқли матн ҳолида чоп этиб берарди. Энди ҳеч ким ҳеч қачон МХАдан ҳеч қандай сирни яширолмасди. Трансхабар ҳаммани фош этувчи қуролга айланган эди.
Бешинчи боб
МХАнинг кўпгина бўлимлари ҳафтада етти кун, дам олишсиз ишласа-да, Криптода одатда шанба кунлари тинч бўлади. Криптограф математиклар табиатан ишлашни яхши кўргани учун ҳар куни меҳнат қилишга тайёр эди. Лекин тинимсиз иш уларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатишидан хавотирланган раҳбарият ёзилмаган қоида чиқариб, фавқулодда ҳолат юз бермаса, шанба кунлари криптографлар дам олиши белгиланганди.
Лекин Сьюзан ҳеч қачон ҳордиқ кунлари Криптода бўлишни ёқтирмаган, шундай вақтлари у ўзини улкан қафас ичида баҳайбат йиртқич маҳлуқ билан ёлғиз қолгандек ҳис этарди. Ҳозир ҳам истар-истамас ичкарига кириб, бўм-бўш зални кўрган Сьюзан ажабланди ва овоз берди:
Ким бор?
Хона марказига қараб юриб, Трансхабар қаршисида тўхтади, аппаратнинг саккиз қават пастдаги генераторларидан чиққан товуш бугун қанақадир ваҳимали туюлиб, эти жунжикди, шошганча командорнинг офиси томон йўл олди.
Ғайриоддий кўриниши сабаб «Аквариум» номини олган Стратморнинг ойнаванд деворли хонаси залнинг тепа қисмида эди. Сьюзан тор зиналардан кўтариларкан, юқоридаги эман дарахтидан қилинган эшикка назар ташлади. Унда МХА рамзи қадимий суякдан ясалган калитни чангаллаб турган бургут рамзи акс этганди. Эшик ортида эса Сьюзан умри давомида учратган энг буюк одамлардан бири ўтирарди.
МХАнинг амалиётлар бўйича директор ўринбосари, эллик олти ёшли командор Стратмор Сьюзанга отасидек қадрдон бўлиб қолганди. Сьюзанни ишга олган ҳам, МХАда ўз ўрнини топишига ёрдам берган ҳам командор Стратмор эди. Ўн йилча муқаддам, Сьюзан Флетчер ташкилотда эндигина иш бошлаган кезлари Тревор Стратмор янги ишга қабул қилинган криптографларга машғулот ўтувчи Крипто тараққиёт бўлимини бошқарарди. Гарчанд командор барча янги қўшилган аъзоларга бирдек муомала қилиб, олтин ўрталиқни сақласа-да, у ўзининг ягона аёл ходимини алоҳида эҳтиёт қиларди. Стратморни қизга ён босишда айблашса, у очиқ-ойдин Сьюзан Флетчер қўл остидаги ишчилар ичида энг уддабурон ва ақллиларидан бири эканини ҳамда қандайдир жинсий камситилиш сабаб бундай ноёб аскаридан айрилиш нияти йўқлигини таъкидларди.
Бу гапларни эшитган бир криптограф Стратморнинг аҳдини текшириб кўрмоқчи бўлиб, аҳмоқона ишга қўл урди.