Ибтидо - Браун Дэн

Скачать книгу

Если нет возможности читать онлайн, скачайте книгу Ибтидо файлом для электронной книжки и читайте офлайн.

Шрифт
Фон

Дэн Браун

Ибтидо

Онамга бағишланади


Муқаддима

Қадимий поезд тоғ ёнбағирлаб юқорига ўрмаламоқда. Эдмонд Кирш боши узра ястаниб ётган пурвиқор чўққилардан кўз узмайди. Олисда шир яланғоч қоянинг текис юзасига қурилган маҳобатли тош ибодатхона кўзга ташланади. Бу мағрур иншоот очиқ самога сеҳргарнинг кўринмас арқони билан осиб қўйилгандек таассурот уйғотади.

Бу боқий монастирь Испаниянинг Каталония вилоятида жойлашганди. У тўрт асрки, ўз вазифасини тўкис бажариб, бағрида умр ўтказаётган одамларни замонавий дунёдан ажратиб келмоқда эди.

Тақдир ҳазилини қарангки, айнан улар асл ҳақиқатдан биринчи бўлиб хабар топади, деб ўйлади Кирш воқеалар ривожини тасаввур қиларкан. Тарихан ер юзидаги одамларнинг энг хавфлиси Худонинг одамлари. Айниқса, уларнинг Худоларига таҳдид қилинса борми Мен ҳозир қовоғарининг инига ёнаётган найзани улоқтирмоқчиман, ўйлади Кирш чуқур нафас олиб.

Ўйга ғарқ бўлганча тоғ чўққисига етиб боргач, Кирш платформада поезд кутаётган ёлғиз одамга эътибор берди. Озғинлигидан эти суягига ёпишган кутиб олувчи эгнига католикларнинг анъанавий либоси оқ рокет ва қирмизи жубба кийиб, бошига салладан кичикроқ митти қалпоқча зукетто қўндириб олганди. Авваллари фақат суратларда кўрган бу қоқсуяк мезбоннинг ким эканлигини илғаган Киршнинг томирларида кутилмаганда адреналин жўш уриб кетди.

Вальдеспинонинг шахсан ўзи мени кутиб олгани чиқибди!

Епископ Антонио Вальдеспино Испанияда жуда обрўли шахс эди. У испан қиролининг ишонган дўсти ва маслаҳатчиси бўлиб, консерватив католик қадриятлари ҳамда анъанавий-сиёсий меъёрларнинг энг кўзга кўринган ҳимоячиси ҳам эди.

 Эдмонд Кирш, шундайми? дона-дона қилиб сўради епископ поезддан тушган Киршга пешвоз чиқаркан.

 Худди ўзи, йигит табассум билан жавоб қайтарди ва саломлашиш учун қўл чўзди. Мезбоннинг узун, нозик бармоқларини дўстона силкиркан, қўшиб қўйди: Жаноб епископ, ушбу учрашувни ташкиллаганингиз учун миннатдорман.

 Мен эса учрашиш таклифингизни қадрлайман, епископ Вальдеспинонинг овози Кирш кутгандан кучлироқ, қўнғироқдек жарангдор чиқди. Очиғини айтганда, биз доим ҳам илм‐фан одами билан мулоқот қилавермаймиз, айниқса, сиз каби таниқлилар билан. Бу томонга, марҳамат.

Улар платформа бўйлаб юриб кетишди. Изғирин тоғ шамоли епископнинг жуббасини тебратарди.

 Тан олмоғим жоиз, деди епископ, сиз тасаввур қилганимдан бошқача экансиз. Мен олимни учратаман деб ўйлагандим, бироқ сиз у Киршнинг устидаги Китон фирмасининг қимматбаҳо К-50 костюмига, Баркерга тегишли туяқуш терисидан тикилган туфлига беписанд қаради, Бироқ сиз ҳипстерга ўхшайсиз. Ҳипстер. Тўғрими?

Кирш илтифот билан жилмайди. Ҳипстер сўзи ўн йиллар аввал урфдан қолганди.

 Сиз ҳақингизда жуда кўп ўқиган бўлсам ҳам, давом этди Вальдеспино, ҳанузгача нима иш қилишингизни аниқ билмайман.

 Ихтисослигим ўйинлар назарияси ва компьютер моделлаштиришдан иборат.

 Демак, болалар учун компьютер ўйинлари яратасиз, шунақами?

Епископ атай замондан ортда қолган қариядек кўринишга уриниб, муғомбирлик қилаётганини Кирш пайқади. Аниқроқ айтганда, Вальдеспино замонавий технологиялардан яхши хабардорлиги, тез‐тез уларнинг хавф‐хатарлари ҳақида маъруза қилиши йигитга маълум эди. Шундай бўлса‐да, Кирш ҳеч нима билмагандек тушунтирди:

 Йўқ, жаноб. Ундай эмас. Ўйин назарияси математиканинг бир тармоғи. У келажакни башорат қилиш учун такрорланувчи ҳодисаларни ўрганади.

 Ҳа-а, эсладим! Бир неча йил аввал Европада валюта инқирози бўлиши ҳақида башорат қилгандингиз. Мақолангизни ўқиганим ёдимда. Ўшанда сизга ҳеч ким ишонмаганди, сиз эса махсус компьютер дастурини ихтиро этиб, ўлган Европа Иттифоқини лаҳаддан тортиб олдингиз. Сизнинг Мен ўттиз уч ёшдаман. Исо Масиҳ ҳам Лазарни қайта тирилтирганда ўттиз уч ёш эди, деган сўзларингиз тилга тушганди.

Кирш қизариб кетди.

 Беўхшов қиёслаш бўлган, тан оламан, ҳазрат. У кезлари ёш эдим.

 Ёш? кулди епископ. Ҳозир неча ёшдасиз қирқлар атрофидами?

 Роппа‐роса қирқда.

Қария жилмайди. Кучайиб бораётган шамол унинг жуббасини ҳар томон ирғитиб ўйнарди.

 Аслида, заминимиз мўминларга мерос қолиши керак эди. Лекин бахтга қарши, у техникага муккасидан кетган, ўз қалбига эмас, экранларга боқишни афзал кўрувчи ёшларга қолди. Ростини айтсам, қачондир мен ҳозирги авлоднинг қаҳрамони билан учрашишим етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Замон болалари сизни ҳатто Пайғамбар деб атайди.

 Шундай бўлса‐да, сиз билан кўришишни аввалдан билмагандим, зоти муқаддаслари, жавоб қайтарди Кирш. Сиз ёки ҳамкасбларингиздан бирортаси билан шахсан учрашиш имкониятини ҳисоблаганимда таклифимни қабул қилишингизга атиги йигирма фоиз умид бор эди, холос.

 Биродарларимга айтганимдек, художўйлар худосизларни эшитишдан ҳамиша наф топиши мумкин: чунки иблисни тинглаб, Парвардигор сўзларининг қадрига етамиз, деб илжайди епископ ва дарҳол қўшимча қилди: Бу албатта, ҳазил. Менинг қартайган юмор ҳиссимни афв этинг. Ҳазилларим ҳам ўзим каби қарияпти чоғи, шундай дегач, епископ олдинга йўрғалади. Қолганлар бизни кутмоқда. Бу томонга юринг, марҳамат!

Кирш бораётган манзили томон нигоҳ ташлади. Кулранг тошлардан барпо этилган баҳайбат қўрғон текис қоянинг энг баланд нуқтасига қурилган эди. Қоядан минглаб фут пастда кўкаламзор ўрмонлар, яшил тепаликлар ястаниб ётарди. Баландликда ўзини лоҳас сезган Кирш кўзини пастдан олди. У хаёлини бўлажак учрашувга йўналтиришга интилиб, нотекис сўқмоқ бўйлаб епископга эргашди.

Эдмонд Кирш бироз аввал якунланган конференцияда иштирок этган жаҳоннинг энг таниқли уч диний раҳнамоси билан юзма‐юз учрашув белгилаган эди.

Дунё динлари парламенти.

1893 йилдан буён ўттизга яқин дунё динларидан чиққан юзлаб раҳнамолар маълум йиллар оралиғида, турли манзилларда динлараро мулоқот учун бир ҳафталик конференция ўтказиши одат тусига кирганди. Йиғилиш қатнашчилари орасида жаҳоннинг ҳар томонидан келган таниқли насроний руҳонийлари, яҳудий раввинлари ҳамда мусулмон имомлари билан бир қаторда, ҳинд пужарилари, буддист бхикшулари, жайнлар, сингхларни учратиш мумкин эди.

Парламент ўз олдига қўйган устувор вазифа Дунё динлари ўртасидаги ҳамжиҳатликни таъминлаш, таълимотлар орасида мустаҳкам кўприк бунёд этиш ва барча эътиқодларнинг умумий илдизини топишдан иборат эди.

Устувор мақсад нақадар эзгу бўлмасин, қадимги афсона, миф ва башоратларнинг тасодифий ўхшашликларини қидириш Киршга вақтни бекорга совуриш бўлиб кўринарди.

Епископ Вальдеспинога эргашганча сўқмоқдан бораркан, йигит тоғ ёнбағирларини кўздан кечирди ва миясига келган фикрдан истеҳзоли жилмайди. Худонинг сўзларини қабул қилиш илинжида Мусо тоққа чиққанди Мен эса бунинг аксини бажариш учун чўққига кўтарилмоқдаман.

Кирш бўлажак учрашувга ахлоқий бурч ундови билан кетаётганига ўзини ишонтирганди. Шу билан бирга, бу ҳаракатига ич‐ичидан ёпирилиб келаётган кибр ҳам яхшигина туртки берганидан тонмасди. Дунё тан олган клериклар билан юзма‐юз ўтириб, уларни кутаётган муқаррар чўкиш тўғрисида бор гапни айтиш ва ўша лаҳзадаги уларнинг юз ифодасини ўзгача бир лаззат‐ла кузатиш истаги йигитга тинчлик бермасди.

Бизнинг ҳақиқатимизни англаб, ўз қисматингиз билан тўқнашасиз.

 Таржимаи ҳолингизга кўзим тушганди, луқма ташлади епископ ўгирилиб. Ҳарвардни тамомлаганмисиз?

 Шундай, тақсир. Бакалавр даражасини олганман у ерда.

 Тушунарли. Яқинда ўқиб қолдим, эмишки, Ҳарвард тарихида биринчи марта ўқишга қабул қилинган талабалар орасида атеист ва агностиклар сони диндорларникига нисбатан кўпайиб кетибди. Эътиборга молик маълумот‐а, шундай эмасми, жаноб Кирш?

Ваша оценка очень важна

0
Шрифт
Фон

Помогите Вашим друзьям узнать о библиотеке

Популярные книги автора