Нима ҳам дердим, елка қисди Кирш. Талабаларимизнинг ақли йилдан йилга ўткирлашмоқда.
Шамол янада кучайди. Улар манзилга қадимий, аммо улуғвор иморат қаршисига етиб борди. Бинонинг кириш қисми хира ёритилган бўлиб, хушбўй тутатқидан таралаётган ўткир ифор ҳавони тутганди. Икки ҳамроҳ лабиринтни эслатувчи йўлакдан ичкарига йўналди. Кирш кўзларини нимқоронғиликка мослашга уриниб, катта‐катта очиб‐ёпар ва епископга етишиб юришга интиларди. Ниҳоят, улар ёғочдан ишланган ажабтовур мўъжаз эшикка яқинлашди. Вальдеспино остонада тўхтаб, уни икки марта тақиллатди. Сўнг энгашиб ичкарига кираркан, Киршни ҳам ортидан имлади.
Йигит иккиланган кўйи остона ҳатлаб, олдинга қадам босди-ю, ўзини баланд деворлари қадимий, тери муқовали китоблар билан безатилган тўртбурчак ҳужра ичида кўрди. Деворлардан қовурғадек туртиб чиққан китоб жавонлари, улар остига ўрнатилган темир иситкичлардан чиқаётган мудҳиш вишиллаган товуш ҳужра гўё тирикдек таассурот берарди. Бу ерга илк маротаба кирган кишига хона худди жони бор, тирикдек туюлиши турган гап эди. Болохонага олиб чиқувчи айланма пиллапоянинг жимжимадор тутқичига назар ташлаган Кирш қаерда эканини дарҳол илғади ва танасида енгил титроқ турди.
Оламга донғи кетган Монсеррат кутубхонаси, ўйлади у. Узунқулоқ миш‐мишларга қараганда, бу манзилда ягона нусхадаги ноёб матнлар сақланади. Бутун умрини Яратганга бағишлаб, ташқи дунё лаззатларидан воз кечган, мана шу чўққида осуда ҳаёт кечирувчи роҳибларгина унинг бойликларидан тўлиқ фойдаланиши мумкин эди.
Эҳтиёткорлик ҳақида сўраган эдингиз, жилмайди епископ, ишонтириб айта оламанки, биз турган хона энг махфий макондир. Бу ерга қадами етганларнинг сони бармоқ билан санарли.
Жуда серҳимматсиз, ташаккур. Бу мен учун улкан шараф! Кирш ҳаяжонини босишга уриниб, миннатдорлик билдирди.
Епископ йигитни хона марказидаги катта стол томон бошлади. Ёғочдан ишланган стол атрофида икки ёши улуғ киши уларни кутиб ўтирарди. Чап тарафдаги одамнинг қалин, оппоқ соқоли кўксига тушган, кўзлари чарчоқдан толиққан эди. У уринган қора костюм, оқ кўйлак ҳамда махсус шляпа федора кийиб олганди.
Бу жаноб раввин Иеҳуда Кёвеш, таништирди епископ, Каббала космологиясини кўп ва хўп ёритиб берган таниқли яҳудий файласуфлардан бири.
Кирш столга яқинлашди, қўлини чўзиб раввин Кёвеш билан илтифотли кўришди ва деди:
Сиз билан шахсан танишиш бахтига сазовор бўлганимдан мамнунман, жаноб. Каббалага оид китобларингизни мутолаа қилганман. Тўлиқ тушунмаган бўлсам‐да, уларни мутолаа қилганим аниқ эсимда.
Кёвеш намланган кўзларини дастрўмоли билан артаркан, мамнуният‐ла бош ирғади.
Қаршингиздаги муҳтарам зот, давом этди епископ иккинчи одамга ишора қилиб, ҳурматли аллома Саид ал-Фадл бўлади.
Машҳур исломшунос олим ўрнидан туриб, ёйилиб жилмайди. Миқтидан келган бу одамнинг табассум аримайдиган юзи қувноқ киришимлиликдан далолат берса‐да, тим қора кўзлари жуда ўткир боқарди. Унинг эгнида кўзга ташланмайдиган одмигина оқ либос савб бор эди.
Мен ҳам, жаноб Кирш, гап бошлади Саид, инсоният келажаги ҳақидаги башоратларингизни ўқиганман. Фикрларингизга қўшиламан, деб айтолмасам‐да, башоратингиз билан танишганим аниқ эсимда.
Кирш мулойим жилмайганча Саиднинг қўлини сиқди.
Бу киши меҳмонимиз, обрўли ва машҳур компьютер олими, ўйин назариётчиси, кашфиётчи ва техника оламининг салкам пайғамбари ҳисобланмиш Эдмонд Кирш бўлади. Унинг келиб чиқишини назарда тутсак, бизга қилган мурожаатидан таажжубландим. Келинглар, ушбу кутилмаган ташрифга жаноб Киршнинг ўзи изоҳ берсин, Вальдеспино фикрини якунлаб, Кёвеш ҳамда ал-Фадлнинг ўртасидан жой эгаллади ва қўлларини қовуштирганча Киршнинг оғзига тикилди.
Хонада вужудга келган муҳит олимларнинг дўстона учрашувидан кўра инквизиция залини эслатарди. Ҳар учала эркак Киршнинг рўпарасида ўтириб, жиноятчининг сўнгги иқрорини кутаётгандек ўткир нигоҳларини унга қадаганди. Бечора йигитни ҳеч ким, ҳатто Вальдеспино ҳам стулга ўтиришга бир оғиз таклиф этмади.
Кирш қаршисидаги қарияларга разм соларкан, юрагини қўрқув эмас, ажабланиш ҳисси қамраб олди. Демак, бу ўша оламшумул Муқаддас Учлик. Доно зотлар учлиги.
Диққатини жамлаш мақсадида Кирш бир лаҳза тин олди ва секин одимлаб дераза ёнига борди, пастдаги мафтункор манзарага кўз ташлади. Қуёш нурлари остида ястаниб ётган яйловлар водий бўйлаб чўзилиб, Кольсерола тоғ тизмасининг этакларигача етиб борган ва юксак чўққиларга йўл очган эди. Уфқнинг олис бурчагида, Балеар денгизи томонларда паға‐паға қора булутлар ғазабга тўлгандек шиддат билан тўпланаётганди.
Ўхшашликни қаранг, хаёл қилди Кирш. У ташқарида кўтарилажак бўронга ҳамоҳанг равишда, тез орада дастлаб бу хонада, сўнгра бутун дунёда тўс‐тўполон кўтарилишини ич‐ичидан ҳис қилиб турарди.
Жаноблар, хитоб қилди Кирш дабдурустдан ортига ўгирилиб, ишончим комил, руҳоний Вальдеспино махфийлик ҳақидаги илтимосимни аллақачон сизларга етказган. Суҳбатимизни давом эттиришдан аввал аниқлаштириб олишни истардимки, ҳозир сиз билан бўлишмоқчи бўлган гапларимнинг бари мутлақо сир тутилмоғи даркор. Оддийроқ қилиб тушунтирганда, орамизда бўлғуси гаплар ҳақида чурқ этмасликка қасам ичишингизни сўрайман. Келишдикми?
Учала эркак сўзсиз бош ирғади. Кирш қасам ортиқча эканини ҳис қилди. Буюк зотлар бу хабарни, шаксиз, ўзлари билан гўрига олиб кетишни афзал билишади, овоза қилиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.
Ушбу учрашувдан мақсад, сўз бошлади Кирш, яқинда қилган илмий кашфиётим ҳақида хабар бериш эди. Янгилигим сизларни бефарқ қолдирмаслигига ишонаман. Инсоният ҳаётининг асоси бўлган икки саволга жавоб олиш учун камина узоқ йиллар мобайнида изланиш олиб бордим ва ниҳоят, муваффақиятга эришдим. Мен атайдан ёнингизга ташриф буюрдим, чунки бу хабарим дунё художўйларига кучли таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Таъбир жоиз бўлса, кашфиётим диндорлар учун улкан бурилиш ясаб, уларнинг эътиқодига путур етказиши эҳтимоли юқори. Айни дамда сизларга айтмоқчи бўлган маълумотимдан хабардор ер юзидаги ягона тирик жон ўзимман.
У гапини тугатиб, костюмининг чўнтагига қўл суқди ва смартфон чиқарди. Бошқа қўл телефонларига қараганда анча йирик бўлган бу смартфонни Киршнинг шахсан ўзи ясаган бўлиб, махсус эҳтиёжлар учун хизмат қиларди. Ёрқин рангли мозаика кўринишида бўлган телефонни у бир ҳаракат билан кичик телевизор шаклига киритди ва ҳурматли зотларнинг рўпарасига жойлаштирди. Йигит телевизорда жонли тақдимотини кўрсатиш учун ўта даражада ҳимояланган серверга уланиб, қирқ етти белгидан иборат кодни теришга ҳозирланди ва гапида давом этди: Ҳозир кўрсатмоқчи бўлган нарсам тахминан бир ойдан кейин бутун жаҳонга ошкор этилажак янгилигимнинг бир қисми. Лекин бу хабарни улашишдан олдин дунёга таъсири кучли дин пешволари билан маслаҳатлашишга қарор қилдим. Чунки кашфиётимдан энг кўп таъсирланадиган кишилар қандай муносабат билдириши билан қизиқдим.
Руҳоний уф тортиб юборди. Унинг сасида хавотир эмас, балки зерикиш зоҳир эди.
Интригага гап йўқ, жаноб Кирш. Кўрсатажак маълумотингиз дунё динлари асосини титратиб юборадигандек гапиряпсиз гўё.
Кирш нигоҳини атрофдаги муқаддас қўлёзмаларга қаратди ва ўйлади: Кашфиётим динларингиз асосини титратмайди, балки бутунлай чилпарчин қилади.
Йигит қарияларга маъноли тикилди. Муҳтарам зотлар, аслида Кирш оламшумул кашфиётини атиги уч кундан кейин, барчани лол қолдирадиган даражада пухталик билан ташкилланган томошада оммага ошкор қилмоқчилигини қаердан ҳам билишарди?! Шу иш амалга ошгандан сўнг одамлар ер юзидаги динлар, қанчалик хилма‐хил бўлмасин, ягона умумий хусусиятга эга эканини англаб етади. Яъни динларнинг барчаси тамоман янглиш экани инсониятга ошкор бўлади.