Браун Дэн - Ибтидо стр 4.

Шрифт
Фон

Компьютер соҳасида қилган кашфиётлари туфайли Киршни технологияга муккасидан кетган, дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган, ишидан бошқа ҳеч нимани севмайдиган дастурчи сифатида тасаввур қилиш мумкин эди. Аслида, Кирш базмларнинг гули бўлиб, доим машҳурлар даврасида юрар, энг сўнгги урфдаги либосларни кияр, тушуниш қийин бўлган мусиқа тинглар, импрессионист ва замонавий санъатнинг қимматбаҳо асарларини тўпларди. У тез-тез Лэнгдонга электрон мактуб ёзиб, коллекциясига қўшмоқчи бўлган асарлар ҳақида маслаҳат сўрарди.

Ва берган маслаҳатимнинг бутунлай тескарисини қилади, деб ўйлади Лэнгдон кулиб.

Бир йилча муқаддам, навбатдаги ўтиришларнинг бирида Кирш суҳбат мавзусини санъатга эмас, Худога буриб, Лэнгдонни ҳайрон қолдирганди. Ўзини атеист деб эълон қилган одам учун бу ғалати мавзу эди. Бостондаги Tiger Mama емакхонасида янги сўйилган бузоқ гўштининг маромига етказиб пиширилган қовурғасини тановул қилганча шогирд устозидан дунё динларининг асослари тўғрисидаги фикрини сўради. Уни, асосан, борлиқ ва одамзотнинг пайдо бўлиши ҳақида динлардаги турли ҳикоялар қизиқтираётганди.

Ўшанда Лэнгдон ҳозир мавжуд эътиқодлар, жумладан, ислом, яҳудийлик ва насронийликда келтирилган тушунчалар, ҳиндуизмнинг Браҳма, бобилликларнинг Мардук ва бошқа кўплаб ривоятларини таҳлил қилиб берганди.

 Нима учун футуролог олим ўтмишга қизиқиб қолди? сўради Лэнгдон ресторандан чиқар маҳали. Наҳотки, машҳур атеист Худони топган бўлса?

Эдмонд қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.

 Орзуга айб йўқ! Шунчаки келгуси жангим учун маълумот йиғяпман.

Лэнгдон жилмайди. Ҳар доимгидек.

 Тушунарли. Лекин унутма, илм‐фан ва дин бир‐бирига рақиб эмас. Улар шунчаки бир ҳикояни сўзлаётган икки тилга ўхшайди. Дунёда иккиси учун ҳам жой етади.

Шу учрашувдан сўнг Эдмонд деярли бир йил йўқолиб кетди. Кейин уч кун аввал Лэнгдон Федерал Экспресс орқали самолёт билети, меҳмонхонада буюртирилган жой ҳамда Киршнинг дастхати билан ёзилган тадбир таклифномаси солинган конверт олди.

Роберт, ушбу тадбирда қатнаша олсангиз, мени бағоят мамнун қилган бўласиз. Сўнгги учрашувимизда айтган гапларингиз бу кечанинг ўтказилишида муҳим роль ўйнади.

Лэнгдон чалкашиб кетди. Ўша суҳбатда келажакшунос олимнинг катта тадбир уюштиришига сабаб бўлувчи арзирли ҳеч гап айтилмаган эди.

Конверт ичида, шунингдек, икки кишининг бир‐бирига тикилиб турган оқ‐қора расми ҳам жой олган эди. Унда Киршнинг ўзи ёзган икки мисра шеър ҳам бор эди:

Роберт,

Сиз билан юзма-юз кўришган бир он, Олам сирларини этаман баён.

 Эдмонд


Бир неча йил муқаддам содир бўлган воқеага ишора қилувчи суратни кўриб, Лэнгдоннинг юзига табассум югурди. Икки одамнинг қоп‐қора юзи ўртасида муқаддас қадаҳ Граал тасвири туширилган эди.

Музей олдида тураркан, Лэнгдон шогирди нимани эълон қилмоқчи эканига қизиқиб, қачонлардир саноатлашган шаҳарнинг жон томири ҳисобланган Нервион дарёси ёқалаб ётқизилган бетон йўлка бўйлаб юрди. Мавжланиб оқаётган тўлқинлардан урилган майин шабада эгнидаги фракни ҳилпиратар, ҳавога билинар‐билинмас мис ҳиди ўрнаб қолганди.

Навбатдаги бурилишдан ўтгач, профессор тин олиб, ярқироқ музейга тикилиб қаради. Бинонинг тузилиши шу қадар мураккаб ва салмоқдорлигидан уни бир нигоҳ билан томоша қилиб бўлмайди. Бу иншоот нафақат архитектура қоидаларини четлаб ўтади, балки уларни бутунлай йўққа чиқаради. "Эдмонд учун муносиб маскан, хаёлидан ўтказди Лэнгдон музейнинг бўйига ва энига кўз югуртираркан.

Испаниянинг Бильбао шаҳрида жойлашган Гуггенҳайм музейи ўзга сайёраликларнинг ижод маҳсулига ўхшайди: баҳайбат металл қисмлари бир‐бирининг устига пала-партиш тахланиб, кўкка гирдобдек кўтарилган, энига чўзилган тушунарсиз шакллар массаси эса қуёш ёғдусида балиқ тангачаларидек товланадиган ўттиз мингдан зиёд титан кафеллар билан қопланган. Буларнинг бари жам бўлиб, иншоотга тириклик бағишлайди, унга ўзгача олам руҳини беради. Худдики, махлуқ Левиафан дарё қаъридан кўтарилиб, қирғоқда, офтоб нурларида тобланиб ётгандек туюлади.

Музейнинг тантанали очилиш маросими 1997 йили бўлганди. Ўшанда The New Yorker журнали бино тарҳини чизган архитектор Френк Герини Титан ёпинчиқда чайқалиб турган орзулар кемасини яратди, деб алқаганди. Бутун дунё танқидчилари Замонамизнинг энг муҳташам иморати!, Кумуш ёғдуси!, Оламшумул обида! дея мақтовлар ёғдирганди.

Музейнинг илк дебютидан бери яна ўнлаб деконструктивист бинолар қад кўтарди: Лос‐Анжелесдаги Дисней концерт зали, Мюнхендаги BMW дунёси, ҳаттоки Лэнгдоннинг янги шахсий кутубхонаси. Уларнинг ҳаммаси буткул ўзгача, ноодатий дизайнга эга бўлса‐да, ҳеч бири шон‐шуҳрат борасида Бильбао Гуггенҳайм музейи билан беллаша олмасди.

Бинонинг олд қисми ҳар қадамда шаклини ўзгартириб, ҳар томондан ўзгача қиёфа касб эта бошлади ва профессор кўз ўнгида музейнинг энг жозибадор кўриниши намоён бўлди: ажабланарлиси, азим иморат бамисли "чексизлик"нинг улкан кўрфазида сузиб юрар, тўлқинлар музей деворларини ювиб турарди.

Лэнгдон бетакрор гўзалликдан маст бўлиб, бир муддат завқ ила қараб турди, сўнг шаффоф сув тўла кўлни митти осма кўприк орқали кесиб ўта бошлади. Унинг ярмига етганда оёқлари тагидан вишиллаган баланд овоз эшитилди. У чўчиб тушди ва таққа тўхтади. Кўприк остидан қуюқ тутун уюми кўтарилиб, уни ўраб олди. Аввал сув юзасини, сўнг бино атрофини қалин туман қоплади.

Лэнгдоннинг хаёлига ўқиган маълумотлари келиб, нима содир бўлаётганини тушунди. Туманли ҳайкал ўйлади у, япон рассоми Фудзико Накаянинг бу ижод намунаси ҳақида ўқиган эди. Ҳайкалнинг инқилобийлиги шундаки, у маълум вақт оралиғида пайдо бўлиб, яна ғойиб бўладиган кўзга кўринарли ҳаво туман деворидан ясалади. Ҳаво ҳолати ва шамол йўналиши ҳар куни ҳар хил бўлгани сабабли туман пайдо қилган ҳайкал қиёфаси ҳам ҳар сафар турлича шаклга киради.

Вишиллаган товуш тинди, Лэнгдон кўрфаз узра гўё жонлидек ҳаракатланган, ноаниқ, аммо мафтункор манзара яратган тутунга диққат билан қаради. Бутун бошли музей денгиздаги туман аро йўлини йўқотган кема сингари муаллақ турарди.

Профессор эндигина юрмоқчи бўлиб турганда сувнинг тиниқ юзаси бир неча кичик портлашдан ларзага келди. Тўсатдан лагун ичидан учқун сачратиб гумбурлаганча беш дона мушак самога отилди. Улардан таралаётган ёғду музейнинг титан кафелларида аксланди.

Шахсан Лэнгдонга Лувр ёки Прадога ўхшаш мумтоз услубда қурилган музейлар кўпроқ ёқарди. Аммо ҳозиргина гувоҳ бўлгани тутун ва мушак ҳодисасидан сўнг профессор келажакни аниқ башорат қилувчи, санъатсевар ва новатор одам ташкиллаган тадбир учун бундан-да муносиброқ жой йўқлигини англади.

Лэнгдон туман оралаб музейнинг кириш қисми вазифасини ўтовчи ваҳимали қора тешикка яқинлашди. Эшикдан ичкарига йўналаркан, худди аждарнинг оғзига кириб кетаётгандек танаси ёқимсиз жимирлаб кетди.

Иккинчи боб

Нотаниш шаҳарда, ташландиқ қовоқхонанинг бар столида адмирал Луи Авила ўтирибди. Ҳозиргина олис саёҳатдан қайтган адмирал жуда толиқди. Ўзига юклатилган вазифани бажариш учун ўн икки соат ичида бир неча минг миль йўл босишга мажбур бўлди. У олдида турган минерал сувнинг иккинчи стаканини ҳам сипқорди, барга териб қўйилган ранг‐баранг шишаларга кўз ташлади.

Ҳар қандай киши саҳрода ҳушёр юриши мумкин, лекин водийда бўла туриб спиртли ичимликдан воз кечиш фақат касбига садоқатлиларнинг қўлидан келади, минғиллади у.

Бир йилдирки, Авила оғзига шайтоннинг сувини яқинлаштирмайди. Ҳозир тасодифан бар ойнасида ўз аксини кўриб, мамнуният ҳиссини туйди. У қариш зарардан кўра фойдага ишлайдиган кам сонли Ўрта ер денгизилик одам эди. Ёши ўтган сари юзида сабза урган қалин, қора туклар майинлашиб мош‐гуруч соқолга айланди, ёниб турган кўзларида ўзига бўлган мустаҳкам ишонч акс этганди, қуёшу шамолларда тобланган таранг буғдойранг терисига улуғлик бағишлаб ажин оралади.

Ваша оценка очень важна

0
Шрифт
Фон

Помогите Вашим друзьям узнать о библиотеке

Скачать книгу

Если нет возможности читать онлайн, скачайте книгу файлом для электронной книжки и читайте офлайн.

fb2.zip txt txt.zip rtf.zip a4.pdf a6.pdf mobi.prc epub ios.epub fb3

Популярные книги автора