Биринчи боб
Профессор Роберт Лэнгдон майдондаги бўйи нақ 12 метр келадиган баҳайбат ит ҳайкалига қизиқсиниб тикилди. Жониворнинг юнглари ўрнида хушбўй гуллар ёйилган майсазор қопланган эди.
Мен сени ёқтиришга ҳаракат қиляпман, ростдан ҳам ҳаракат қиляпман, ўйлади Лэнгдон.
Лэнгдон ажабтовур монументга яна бироз қараб тургач, четдаги йўлка томон олға юрди. Йўлка пастга буралиб тушган ғайриоддий пиллапояга уланиб кетганди. Зинанинг ғалати жиҳати шунда эдики, ундаги поғоналар ўлчами турлича бўлиб, йўловчиларни бир маромда қадам босишига йўл қўймасди. Лэнгдон ҳар қанча эҳтиёт бўлмасин, салкам икки марта қинғир‐қийшиқ поғоналарга мослашолмай, йиқилаёзди. Амаллаб пастга тушиб олгач, Ниҳоят, вазифа уддаланди, дея кўнглидан ўтказди. Нафас ростлаш учун бир муддат тўхтаб, олдинга назар ташлади ва рўпарасида намоён бўлган улкан мавжудотни кўриб, оғзи очилиб қолди.
Ҳаммаси тушунарли.
Лэнгдон қаршисида баҳайбат ўргимчак Қора бева қад ростлаганди. Унинг тахминан ўн метр узунликдаги ингичка темир оёқлари семиз танасини тутиб турар, қорнидан пастроққа шиша шарлар билан лиқ тўла тухум учун мўлжалланган тўрли қоп илинганди.
Биз уни Маман деб чақирамиз, деган товуш эшитилди.
Лэнгдон нигоҳини овоз келган ёққа йўналтирди. Ўргимчак тагида ҳиндларнинг қора рангли миллий чопони шервани кийган Салвадор Далиникидек кулгили бурама мўйлов қўйган қилтириқ одам турарди.
Менинг исмим Фернандо. Музейимизга хуш келибсиз, қилтириқ одам гапида давом этди ва олдидаги стол устида териб қўйилган бейжикларга кўз югуртириб, сўради: Исмингизни билсам бўладими?
Албатта, Роберт Лэнгдон.
Фернандо ажабсиниб кўзларини пирпиратди ва хижолат бўлиб узр сўради: Вой, кечирасиз, жаноб. Сизни танимабман!
Ўзим ҳам ўзимни базўр танияпман, деб ўйлади Лэнгдон. Эгнидаги олифта қора фрак, оқ нимча ва капалакнусха оқ галстукда ўзини ноқулай ҳис қилаётганди. Худди 'Whiffenpoof' қўшиқчисига ўхшайман. У кийиб олган фрак салкам ўттиз йил олдин Принстондаги Печакгул клубига борган вақтлардан эсдалик эди. Кундалик сузиш машғулотлари туфайли қоматини яхши сақлаган Лэнгдонга ўттиз йиллик камзул ҳануз лойиқ келарди.
Бу ерга йўлга чиқаётганида шошилганидан доимий киядиган камзули бир четда қолиб, эскирган кийимлари солинган чамадонни кўтариб келибди. Мана, 30 йиллик қадрдон фракини кийиб турибди.
Таклифномада оқ ва қора кийимда бўлиш керак дейилган экан. Умид қиламанки, эгнимдагилар талабингизга мос келади, жилмайди Лэнгдон Фернандога яқинлашиб.
Классик услуб сизга ярашибди, дея хушомад қилди Фернандо ва эҳтиёткорлик билан бейжикни Лэнгдоннинг ёқасига илиб, қўшиб қўйди: Сиз билан учрашиш мен учун катта шараф. Олдин ҳам келганмисиз музейимизга?
Лэнгдон улкан ўргимчак ортидаги ярқироқ бинога яна бир кўз ташлади:
Очиғини айтсам, бу ерда илк марта бўлишим.
Бўлиши мумкин эмас! хитоб қилди Фернандо ишонқирамай, Замонавий санъатнинг мухлиси эмасмисиз?
Умуман олганда, Лэнгдон замонавий санъат юзасидан муҳокамалардан ҳамиша завқ олган. У, айниқса, айрим тасвирий ишлар, масалан, Жексон Поллокнинг бўёқ томчилатиб ишланган расмлари, Энди Уорхолнинг Консерваланган Кэмпбелл шўрваси тасвири, Марк Ротконинг оддий рангларнинг тўртбурчак ёйилмасидан иборат расмлари нодир санъат намунаси сифатида кўрилиши сабабини тадқиқ қилишни ёқтирарди. Шундай бўлса‐да, Иероним Бошнинг асарларидаги диний расмлар ёки Де Гойянинг ўзгача рассомлик услуби тўғрисида баҳслашганда ўзини сувда сузган балиқдек ҳис қиларди.
Мен кўпроқ мумтоз санъат шайдосиман, жавоб қайтарди Лэнгдон. Де Кунингдан кўра да Винчи ҳақида кўпроқ биламан.
Лекин да Винчи билан де Кунинг бир-бирига жуда ўхшаш!
Лэнгдон босиқ жилмайди:
Ундай бўлса, Кунинг тўғрисида кўпроқ ўрганишим керак, шекилли.
Роса боп жойга келдингиз! мезбон қўли билан баҳайбат бинога имо қилди. Бу музейда замонавий санъатнинг дунёдаги энг яхши намуналари жамланган. Вақтингизни мазмунли ўтказинг.
Ниятим ҳам шу, деди Лэнгдон. Фақат нима сабабдан бу ерга чақирилганимни билсам эди.
Буни билишни нафақат сиз, балки ҳамма истайди, кулиб юборди Фернандо бошини чайқаб. Кеча мезбони асл мақсадини сир тутди. Ҳатто музей ходимлари ҳам нима бўлаётганидан бехабар. Турли миш-мишлар тарқалди. Ичкарида бир неча юз меҳмон йиғилган кўпчилиги машҳур шахслар лекин бугунги ўтиришнинг сабаби ҳақида ҳеч кимда аниқ бир фикр йўқ!
Лэнгдоннинг пешонаси тиришди. Фақат саноқли мезбонлар: Шанба куни кечқурун. Ўша ерда бўлинг. Менга ишонинг, деган жумлалар битилган шошилинч таклифнома юборишга қодир эди. Ундан ҳам камроқлари юзлаб VIP шахсларни барча ишларини ташлаб, тадбирда қатнашиш учун шимолий Испанияга учишга мажбур қила оларди.
Лэнгдон темир ўргимчак тагидан ўтиб, катта ҳарфлар туширилган қип‐қизил афиша осилган йўлкага қараб юрди.
ЭДМОНД КИРШ УЮШТИРГАН КEЧА
Эдмондда ўзига ишонч ҳамиша юқори бўлган, деб ўйлади профессор дабдабали афишага қизиқиб қараркан.
Тахминан, йигирма йиллар муқаддам ёш Эдди Кирш профессор Роберт Лэнгдоннинг Ҳарвард университетидаги илк шогирдларидан бири эди. Патила сочли компьютер жинниси бўлган Эддининг кодларга қизиқиши уни Лэнгдоннинг кодлар, шифрлар ва рамзлар тили бўйича биринчи босқич талабаларига ўтказадиган семинарига етаклаб келганди. Киршнинг ақлий салоҳиятини кўрган профессор қаттиқ таъсирланди. Кейинчалик Кирш компьютерларнинг нурли келажагига ишонган ҳолда рамзларнинг чанг босган оламини тарк этган бўлса‐да, у ва Лэнгдон ўртасида мустаҳкам устоз‐шогирдлик муносабати ўрнатилганди. Шу туфайли университетни битирганига йигирма йил бўлганига қарамасдан, Кирш ва Лэнгдон ўртасида узвий алоқалар сақланиб қолганди.
Мана, ниҳоят, шогирд устозидан ўзиб кетди. Бир неча ёруғлик йилига! Лэнгдон ич-ичидан фахрланди.
Бугунги кунда Эдмонд Кирш бутун дунёга донғи кетган даҳо мультимиллионер, компьютер олими, футуролог1, кашфиётчи ва тадбиркор. Ёши қирқни қаршилаган Кирш нанотехнология, сунъий ақл, мияни тадқиқ қилиш ва роботлаштириш каби турфа соҳаларда кескин ижобий силжишларга олиб келган технологияларни яратишга улгурди. Илмий тараққиёт келажаги тўғрисидаги башоратларининг бекам-кўст тўғри чиқиши ҳам унинг шахсиятини синоатга буркаб, одамлар қизиқишини ошириб юборганди.
Лэнгдон шогирдининг башоратлари тўғри чиқишига унинг атроф‐олам ҳақидаги билимлари пухталиги сабаб, деб ҳисобларди. Эдмонд талабалик давридаёқ библиофил китобсевар бўлган. У нимани кўрса, ўқирди. Киршдаги каби ўқишга бўлган иштиёқ ва китоб мазмунига шўнғий олишни Лэнгдон умри давомида ҳеч кимда учратмаганди.
Охирги йилларда Кирш асосан Испанияда истиқомат қилди. У бу ердаги ҳамма нарсага: мамлакатнинг тарихий таровати, авангард меъморчилиги, ғайриодатий жин‐барлари ва ажойиб иқлимига ошуфта бўлиб қолганди.
Йилда бир марта Кирш Массачусетс технологиялар университетининг Медиа лабораториясида нутқ сўзлаш учун Кэмбрижга келиб кетарди. Шунда у устозини Бостоннинг ҳашаматли, лекин Лэнгдоннинг ўзи ҳеч қачон эшитмаган ресторанларидан бирига овқатланишга таклиф қиларди. Бу учрашувларда уларнинг суҳбати ҳеч қачон технологияга бориб тақалмасди; Кирш муҳокама қилишни истаган ягона мавзу санъат бўларди.
Роберт, сиз менинг санъат бўйича шахсий маслаҳатчимсиз, деб ҳазиллашарди Кирш.
Лэнгдонга ҳанузгача уйланмаганини айтиб ҳазиллашувчи Киршнинг ўзи бўйдоқ эди, у моногамияни эволюцияга тўсиқ деб ҳисоблар, шу билан бирга, йил бўйи ўнлаб супермодел қизлар билан тушган сурати журнал муқоваларини безарди.